Жаҳон | 21:59 / 15.05.2024
6822
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркияда давлат тўнтариши ҳақидаги хабарлардан сўнг фавқулодда йиғилиш ўтказди

«Биз қўғирчоқбозни ҳам, бу спектаклни ёзганни ҳам яхши биламиз», деди у, лекин сўзларига ҳеч қандай аниқлик киритмади. 

Фото: A Haber

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия миллий партияси (ТМП) раҳбари Девлет Баҳчели давлат тўнтаришига уриниш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганидан сўнг разведка ва Адлия вазирлиги раҳбарлари билан фавқулодда йиғилиш ўтказди. 

Эрдўған давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари устидан олиб борилаётган терговга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, расмийлар тахмин қилинаётган фитна ортида ким турганидан яхши хабардор. 

Эрдўғон бу мавзуни ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт» партияси фракцияси йиғилишида кўтарди. 

«Биз қўғирчоқбозни ҳам, бу спектаклни ёзганни ҳам яхши биламиз», деди у, лекин сўзларига ҳеч қандай аниқлик киритмади. Эрдўған Туркия «бу тузоққа тушмаслигини» таъкидлади. У «қонундан ташқарига чиққан ҳар бир киши жавобгарликка тортилишини» ваъда берди. 

Бир кун аввал Анқара Бош прокуратураси пойтахт полициясининг уч нафар ходимига нисбатан «Ayhan Bora Kaplan» жиноий ташкилотига алоқадорлиги юзасидан тергов бошлади. Уларнинг уйлари тинтув қилинди. 

Эрдўған иттифоқчиси Баҳчелининг айтишича, фитна бўлиши мумкин, аммо бир неча полициячининг ишдан олиниши ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Баҳчели, мамлакатда тўнтарув ташаббусининг такрорланиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. 

2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлган ва бир неча соат ичида бостирилган эди. Мамлакат бўйлаб тўқнашувлар оқибатида 241 киши ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олди. Давлат тўнтаришини уюштириш ва унга алоқадорликда гумонланиб 40 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинди. Мамлакатда бир неча ой давомида фавқулодда ҳолат жорий этилди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид