Иқтисодиёт | 21:45 / 15.05.2024
3957
4 дақиқада ўқилади

ХВЖ активларни декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилишни тезлаштиришга чақирди

Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон ҳукуматига яқин келажакда активларни декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилишни ҳамда даромадларни декларациялашнинг самарали тизимини жорий қилишни тезлаштиришни тавсия қилди.

Фото: The Guardian

Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон билан 2024 йилги маслаҳатлашув якунлари бўйича баёнотни эълон қилди. Унда Ўзбекистон ҳукумати учун қатор тавсиялар келтириб ўтилган.

Пул-кредит ва алмашув курси сиёсати

ХВЖ миссиясига кўра, пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозим. Ўзбекистон Марказий банки нархлар динамикасини диққат билан кузатишни давом эттириши ва инфляция барқарор пасайиш траекториясига киргунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши керак. Агар энергия нархларининг ошиши базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларга таъсир қилса, Марказий банк асосий ставкасини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Миссия Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги қарорларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди, бу эса инфляцион кутилмаларни янада жиловлашга ёрдам беради.

Халқаро кузатувчиларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини янада кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши керак. Мувозанатли пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва Марказий банкнинг мустақиллиги янада оширилиши иқтисодиётда долларизация даражасини пасайтириш ва трансмиссион каналларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Молия секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, шу жумладан, давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозор имкониятларини ошириш молиявий воситачиликни ривожлантиришга, ликвидликнинг таркибий профицитини камайтиришга ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради. Валюта курсининг мослашувчанлиги янада оширилиши шоклар таъсирини камайтиришга ва захираларни барқарор сақлашга ёрдам беради.

Таркибий ислоҳотлар

Баёнотда мамлакат раҳбарияти томонидан таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари тўғри белгилангани, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини босқичма-босқич камайтириш ва ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринларини яратишга қаратилгани қайд этилган.

«Сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, энергия тарифларини ислоҳ қилиш тўғрисидаги янги қарор энергиядан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, энергия таъминотини яхшилаш ва давлат молиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу жараённи давом эттириш керак», – дея таъкидлаган халқаро экспертлар.

Халқаро валюта жамғармаси мутахассисларига кўра, тартибга солиш ва операцион функцияларни ажратиш, нотижорат мақсадлардан босқичма-босқич воз кечиш, бошқарув ходимларининг малакасини ошириш, корхоналарнинг бошқарув органлари мустақиллигини кучайтириш, шунингдек, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ давлат корхоналари фаолиятининг операцион ва молиявий кўрсаткичлари бўйича шаффоф ҳисоботларни тайёрлашга устувор аҳамият берган ҳолда, давлат корхоналарини ислоҳ қилишни давом эттириш керак. Бу чора-тадбирлар давлат корхоналарини хусусийлаштиришни осонлаштиради ва самарадорликни сезиларли даражада оширишга имкон беради.

«Бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги иш ўринларини яратиш билан бирга инфляцияни пасайтиришда ёрдам беради. Расмий органлар Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. ЖСТга аъзо бўлиш қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва транспорт йўналишларини такомиллаштириш билан бирга, Ўзбекистон экспортининг ўсишини таъминлайди», – дейилади баёнотда.

Миссия яқин келажакда активларни декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилинишини ҳамда даромадларни декларациялашнинг самарали тизимини жорий қилишни тезлаштиришни тавсия қилган.

«Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий нормаларнинг жорий этилиши ва уларга риоя қилиш даражасини ошириш зарур. Коррупцияни аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш учун ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши керак. Ҳисоб палатаси ва суд тизимининг мустақиллигини ошириш молиявий назоратни кучайтиришга, шартномалар бажарилишига ва бизнес шароитларига ижобий таъсир кўрсатади», – дея қайд этган Халқаро валюта жамғармаси миссияси.

Мавзуга оид