Жаҳон | 16:53 / 16.05.2024
11459
8 дақиқада ўқилади

«Фурия»лар украин ҳарбийларига разведка олиб бориш ва артиллерия зарбасини йўналтиришда ёрдам бермоқда. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 812-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Работинени назоратига олганини маълум қилди. Украина ҚК қўмондонлиги буни рад этмоқда.
  • Владимир Путин Бош штабда ўзгаришлар «йўқлиги ва режалаштирилмаётгани»ни айтди.
  • Ленинград ҳарбий округига генерал Александр Лапин раҳбар этиб тайинланди. Харкив областида айнан ушбу округ бўлинмалари ҳужумга ўтган.
  • Зеленский Россия қўшини Харкив областида юришга ўтгани муносабати билан хорижий сафарларини қолдирди.
  • Россиялик ҳарбийлар Херсон марказини ўққа тутди. 18 киши жароҳат олган.
  • Россия мудофаа вазирлиги Қримга ATACMS русумли 10 та ракета билан ҳужум қилингани ҳақида маълумот берди.
  • Украина ҚК бош штаби украин ҳарбийлари Вовчанск ҳудудида «нисбатан қулайроқ позицияларга кўчиб ўтгани» тўғрисида хабар берди.
  • Қозон ва Нижнекамскдаги аэропортлар дронлар ҳужуми хавфи туфайли фаолиятини тўхтатди.

Харкив областидаги украин артиллериячилари

Россия қўшини 10 май куни Харкив областининг чегарадош районларида юриш бошлади. РФ ҳарбийлари яқинлашиб келаётган аҳоли яшаш манзилларидан одамлар эвакуация қилинмоқда, бу кўп ҳолларда тинимсиз зарбалар остида амалга оширилмоқда. Украина қўмондонлиги 14 май куни жангчиларнинг ҳаётини сақлаш учун Харкив областининг Волчанск ва Лукянци районларидаги бўлинмалар «нисбатан қулайроқ позициялар»га кўчирилгани ҳақида маълум қилди. Украина президенти Володимир Зеленский Россия қўшини қарши ҳужуми фонида хорижга сафарларини бекор қилган.

Харкив областидаги мураккаб вазиятга қарамай, украин ҳарбийлари, жумладан қўш атаман Иван Сирко номидаги 92-алоҳида механизациялашган бригада мудофаани ушлаб туришда давом этмоқда. 12 май куни бригаданинг телеграм-каналида жангчилар фронтнинг Харкив участкасидаги узоқ муддатли ўт очиш нуқтаси (ДОТ) қандай кўринишда эканини кўрсатган видео пайдо бўлди. «Яхши жиҳозланган. Керакли барча нарса бор. Буржуйка ташқарида. Атроф ўрмонзор. Ким ёмон қурилган деб айтди? Ер остида қазилган. Бизда бўлган энг яхшиси», — дейди кадр ортидаги овоз.

Видео ушбу йўналишда жанг қилаётган украин ҳарбийларидан бири Денис Ярославский фейсбукдаги саҳифасида фронтнинг РФ қўшини ҳужумга ўтган участкасида зарур мудофаа иншоотлари йўқлигини ёзганди. «2 йил ичида Украина чегарасида ер остида уч қаватли бетон истеҳком қурилиши керак эди! Аслида эса ҳатто миналар ҳам йўқ. Бу мисли кўрилмаган даражадаги ўғрилик ёки қасддан қилинган саботаж, деган фикрга келдик», — деганди у.

92-бригада жангчилари «Град»дан россияликларнинг Харкив областидаги позицияларига ўт очмоқда
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг Днипро сўл соҳилига туширилаётган десантчилари

Кринки — Украина ҚКнинг Днипро дарёси чап соҳилидаги муҳим плацдармидир. 2024 йил февралида РФ мудофаа вазирлигининг ўша вақтдаги раҳбари Сергей Шойгу Владимир Путинга Кринки «тозалангани» тўғрисида ҳисобот берганди. Украина томони бу баёнотни «манипуляция ва фактни сохталаштириш» деб атаганди. Май ойи ўрталарига келиб ҳам украиналик ҳарбийлар ҳамон Кринки ҳудудида амалиётлар ўтказмоқда.

Фронтнинг мазкур участкасида жанг қилаётганлар орасида Украина ҳудудий мудофаа кучларининг 126-алоҳида бригадаси ҳам бор. 2024 йил февралида ушбу бригадаси жангчиси Богдан Коваленко украинларнинг «5 канал»ига берган интервюсида Кринкидаги амалиётнинг айрим тафсилотларини сўзлаб берганди
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
«Мураккаб йўналиш, денгиз пиёдалари учун ҳам, бизга, 126-бригада жангчиларига ҳам, жуда мураккаб йўналиш. Нима учун? Чунки логистика жуда қийин. Бу ёққа фақат сув йўли билан нарса олиб ўтиш мумкин. Бўлди. Фақат сув орқали», — деган Коваленко
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
«Биз барчамиз қаерга кетаётганимиз ва у ердан қайтмаслик хавфи борлигини тушунамиз», — деган 126-бригада жангчиси журналистнинг у Кринкига рейддан олдин дуо қилиш-қилмаслиги ҳақидаги саволига жавобан. «Қўрқув шундай нарса — сен ёки унга таслим бўласан, ёки у билан ишлайсан, — деган у. — Ва у томондаги рақиб учун ҳам қўрқинчли, у ердагилар ҳам роботлар эмас, у ердагилар ҳам қандайдир суперодамлар ёки ҳайвонлар эмас, у ердагилар ҳам оддий одамлар ва улар ҳам қўрқади, ўлишни истамайди, фақат биз ўз уйимиз учун жанг қиламиз. Улар нега келишганини ўзлари ҳам тушунишмайди»
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Разведка дрони учирилиши

Бу урушда икки томон ҳам дронларнинг турли турларидан фаол фойдаланмоқда. Хусусан, операторларга вазиятни жонли эфирда кузатиб туриш имконини берувчи FPV-дронлар жанг майдонида разведка ишларини олиб боришга ёрдам беради, улар портловчи моддалар олиб юриши ва рақибга тўғридан тўғри зарбалар бериши мумкин. Украиналик ҳарбийлар қўллаётган пилотсиз учиш қурилмалари орасида «Фурия» дронлари ҳам бор. Украинада ишлаб чиқарилган бу қурилма тактик ҳаво разведкаси ва артиллерия зарбаларини йўналтиришга мўлжалланган. Украин нашрлари ёзишича, характеристикасига кўра «Фурия» 65 км/с тезликда ҳаракатланиб, ҳавода уч соатгача қолиши (ҳаво шароитига боғлиқ) ва душман назоратидаги ҳудудга 50 километргача кириб бориши мумкин.

Украина ҚК десант-штурм қўшини 148-алоҳида артиллерия бригадаси жангчиси Донецк областида «Фурия» дронини учиришга тайёрланмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
«Фурия»нинг учирилиши
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
148-бригада жангчилари «Фурия» орқали олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда артиллерия зарбаси учун нишон белгиламоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
«Фурия»ни қўндириш — энг мураббий босқич, деган шундай дронлар билан ишловчи украиналик жангчилардан бири «Қрим.Реалии» нашрига интервюсида. Хусусан, у парашют ўз вақтида очилиши учун баландликни доимий равишда кузатиб бориш кераклигини айтади. «Паст ҳам, баланд ҳам бўлиб кетмаслиги учун. Пастласа — самолёт қулаб тушади. Баланд учса — шамол олиб кетади ва дарахтга бориб урилади», — дейди у. Украиналик бошқа бир ҳарбий FREEДОМ телеканали репортажида жангчиларнинг бу борасида ўзига хос анъанаси борлигини — кейинги сафар самолёт жанговар топшириқдан қайтиши учун муваффақиятли қўнган дронни камера қаршисида ўпишини айтган.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид