Жаҳон | 21:50 / 16.05.2024
31147
12 дақиқада ўқилади

Россия армияси Вовчанскка кирди. Украинанинг Харкив областидаги биринчи мудофаа чизиғи нега дош беролмади?

Фото: Getty Images

Россия армияси Харкив области шимоли-шарқида, Россия-Украина чегарасидан 4 км масофадаги Вовчанск шаҳрига кирди ва бошқа йўналишда — област марказидан шимолида жойлашган Липци қишлоғи томон олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда. 10 май куни Белгород области орқали Харкив томон бошланган юриш давомида чегара ҳудудидаги ўндан ортиқ қишлоқ эгаллаб олинган, Украина қуролли кучлари чегарадан бир неча километр ортга сурилишга мажбур бўлган. Украина раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлинганини айтмоқда. Аммо россияликлар нима учун чегарадан ўтиб, бу қадар чуқур ёриб кира олди?

Россия Харкив фронтини очди. Бу нега рўй берди ва буёғига нима бўлади?

Россия армияси катта сув тўсиқлари ёқалаб икки йўналишда ҳужум қилмоқда.

Биринчиси — Травянский сув омбори қирғоқлари бўйлаб Харкивдан 16 км шимолдаги Липци посёлкаси йўналишида. Иккинчиси — Шимолий Дон дарёси ёқалаб област марказидан 45 км шимоли-шарқдаги Вовчанск шаҳрига.

Харкив областида вазият кескинлашгани муносабати билан Украина президенти Володимир Зеленский ўзи иштирокидаги барча халқаро тадбирларни кейинга қолдиришга топшириқ берган.

Россия қўшини Вовчанск ҳудудига шимолдан кириб келган ва шаҳарни шарқдан айланиб ўтган, деб хабар бермоқда немисларнинг Bild нашри ҳарбий эксперти Юлиан Рёпке. Унинг маълумотига кўра, Россия Вовчанск йўлида Плетенёвка, Огурцово, Гатишче ва Бугроватка қишлоқларини эгаллаб олган, бунга параллел равишда Липци томон юриш қилмоқда, аммо штурм фақат пиёдалар орқали амалга оширилмоқда. «Стрелка, Красное, Пилная, Борисовка эгалланган, Лукянка ва Глубокоега кирилган», — дея ёзади Рёпке Липци йўналишидаги вазият борасида.

Россияликлар Вовчанск ҳудудидаги позицияларни эгалламоқда, шаҳар оккупация қилинмоқда, дея унинг маълумотини тасдиқлаган Олий рада депутати Олексий Гончаренко.

Вовчанскда вазият оғир, душман шаҳардаги кўчаларни эгалламоқда, фаол жанглар давом этмоқда, деб хабар берган украин телеграм-каналлари полицияга таяниб.

«Вовчанскда шаҳар маркази ярим ҳалқага олинди, мерганлар фаол ишлаётгани туфайли яқинлашиш қийин кечмоқда», — дея ёзган россияликларнинг «Архангел спецназа Z» ҳарбий телеграм-канали.

Вовчанск аҳолисининг аксари эвакуация қилинган, маҳаллий расмийлар шаҳарда қолганларни ҳам зудлик билан бу ерни тарк этишга чақирмоқда

Украина қуролли кучлари бош штаби 15 майга ўтар кечаси Харкив областининг Лукянци (Липцини ўз ичига олади) ва Волчанск районларидаги бўлинмалар нисбатан қулайроқ позицияга кўчгани ҳақида хабар тарқатди.

Украинанинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлингани, рақибнинг юриши  эса секинлашганига ишонтирмоқда. Аммо россияликлар нима учун Украина қуролли кучларининг биринчи мудофаа линиясини бу қадар тез ортда қолдиргани ва бу чизиқ рақиб ҳужумини тўхтатишга қанчалик тайёрлангани борасидаги саволлар жавобсиз қолмоқда.

Украинанинг ушбу йўналишда жанг қилаётган разведка ротаси командири Денис Ярославскийнинг сўзлари катта резонанс келтириб чиқарди, у Вовчанск атрофидаги биринчи мудофаа чизиғи «шунчаки бўлмагани» ва россияликлар «пиёда кириб келгани» ҳақида айтганди.

Журналист Юрий Бутусов (ўртада) ва собиқ полициячи, ҳозирда разведка ротаси командири Денис Ярославский (ундан ўнг томонда) биринчи бўлиб Харкив областида яхши тайёрланган мудофаа марралари йўқлиги тўғрисида хабар беришган

Украиналик журналист, «Цензор.нет» нашри муҳаррири, воқеа жойида бўлган Юрий Бутусов ҳам бу версияни тасдиқлаган.

«Шаҳарда ва унинг атрофида ҳеч қандай мудофаа иншоотлари белгилари йўқ эди», — деган у 13 май куни. Унинг сўзларига кўра, мудофаа чизиғи чегарадан анча узоқда, аммо негадир баландликларда эмас, пасттекисликларда жойлашган.

Ҳарбий мухбирнинг қайд этишича, бу йўналишда миналанган майдонлар бор, аммо улар шундай жойлаштирилганки, душманнинг фақат зирҳли техникаларига тўсқинлик қилади, пиёда ҳаракатланадиган бўлинмаларига эса йўқ.

Экспертларнинг бир қисми фикрига кўра, рақибни муносиб қарши олиш бўйича тайёргарлик яхши йўлга қўйилмагани «Харкив» оператив-тактик қўшинлар гуруҳи қўмондони кутилмаганда алмаштирилишига сабаб бўлган. Юрий Галушкин ўрнини Украина ҚК Бош штаби бошлиғи ўринбосари Михаил Драпатий эгаллади. У ўтган йили Херсон областининг ўнг соҳилдаги қисмида «Каховка» оператив-тактик қўшинлар гуруҳига қўмондонлик қилганди.

Ҳарбий эксперт ва тарихчи Михаил Жирохов янги қўмондон ушбу участкадаги мудофаага ёндашувни ўзгартира олишига ишонч билдирган.

Унинг маълумотига кўра, бунинг учун «Харкив» оператив-тактик қўшинлар гуруҳи ихтиёрига бир неча янги бригадалар ажратилган. Бош штабдагилар ҳам ушбу йўналишга захира кучлар йўналтирилганини айтишмоқда. Айрим бўлинмалар, масалан, Украина қуролли кучларининг 3-штурм бригадаси ўз саҳифаларида Харкивга бориб жойлашгани тўғрисида расман хабар берган.

«Аммо бу йўналишга янада кўпроқ оператив захираларни кўчириб ўтказиш хавфли бўлиши мумкин», — дейди Жирохов.

Украинада истеҳкомларни қуриш жараёни шундай тузилганки, бу жараён учун тўлиқ масъул бўлган ягона орган йўқ. Мудофаа классик тузилишга эга бўлган учта чизиқ ва предполье (бош мудофаа позициясидан олдиндаги мустаҳкамланган участка), яъни таъминот полосаларидан иборат бўлгани туфайли уларнинг ҳар бирини қуришга алоҳида идоралар масъул бўлган. Энг олдинги марра — отишмалар хавфи туфайли — ушбу участкани ҳимоя қилувчи ҳарбий қисм кучларининг ўзи томонидан барпо этилган, кейинги чизиқларга эса пудратчилар ва област маъмуриятлари жалб этилган.

Апрел ойи бошида, Харкивга юриш хавфи ҳақидаги миш-мишлар фонида президент Володимир Зеленский бу ерга ташриф буюрганди. У Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов билан биргаликда мудофаа чизиғини кўздан кечирганди.

«Биз тайёр туришимиз керак. Россияликлар биз мудофаага тайёрлигимизни кўриши керак. Ва одамларимиз агар душман юриш қилишга ҳаракат қилса, Украина тайёр эканини кўриши керак», — дея қайд этганди ўшанда Зеленский.

Россия юриши бошланганидан кейин BBC Украина хизмати мухбири Олег Черниш истеҳкомлар нима учун рақибни тўхтата олмагани хусусида Олег Синегубов билан суҳбатлашди.

Олег Синегубов Харкив области маъмуриятига 2021 йилдан буён раҳбарлик қилади

Истеҳкомлар қаерда?

BBC: Илтимос, тушунтириб беринг, Харкив области ҳарбий маъмурияти мудофаанинг барча чизиқларига жавоб берадими ёки муайян биттасигами?

Олег Синегубов: Дарҳақиқат, истеҳкомларга келсак, мудофаанинг бир неча чизиғи мавжуд. Улар давлат чегарасига ёки тўқнашув чизиғига яқинлиги бўйича ўзаро бўлинади.

Биз мудофаанинг учинчи чизиғини қурганмиз, айрим жойларда — иккинчисини ҳам. Барчаси тўқнашув чизиғи ёки чегарага қанча километр борлигига қараб. Биринчи линия ва иккинчи линиянинг асосий қисми — Қуролли кучлар ва ушбу позициялардаги ҳарбий қисмлар зиммасида.

Биринчи линияда бетон конструкциялар, катта қурилиш техникаларидан фойдаланиб қурилиш қилиш осон иш эмас.

Биз чегара ёки фронт чизиғидан 10-15-20 ва ҳатто 30 км масофада иккинчи ва учинчи мудофаа чизиқларини қуриш билан банд бўлганимизда ҳам душман бизнинг техникаларимизга зарба бериб, йўқ қилди.

Бизда 30 дан ортиқ қурилиш техникалари яксон этилди, тўрт киши ҳалок бўлди, 15 дан ортиқ киши яраланди. Булар бизнинг тинч аҳоли вакиллари бўлган пудратчиларимиз, тегишли йўналишлардаги ишларни бажарган харкивликлар.

Шу туфайли шуни таъкидлашни истардимки, маъмурият ўз иш доираси учун масъулдир, ҳарбийлар эса биринчи ва иккинчи линиядаги бажарилган ишлари тўғрисида жамоатчиликка маълумот бериши керак.

BBC: Демак, сиз қурган иккинчи ва учинчи линияларга россияликлар ҳали яқинлашмаганми?

О.С.: Душманнинг яқинлашиши масаласида барчаси шартли. Қаердадир ҳарбийларимиз истеҳкомларни эгаллаб турибди ва ҳоказо.

Володимир Зеленский ва Олег Синегубов истеҳкомларни текширмоқда, 9 апрел
Синегубовнинг айтишича, област маъмурияти мудофаанинг фақат учинчи ва қисман иккинчи чизиқларини қуришга масъул бўлган

BBC: Истеҳкомларни қуриш бўйича жадал ишлар қачон бошланганди? Мен эслайманки, апрел ойи бошида Харкивга  президент Зеленский келган, у аллақачон бажариб бўлинган ишларни кўздан кечирганди.

О.С.: Йўқ, бу тугалланган ишлар эмасди, бу ҳали давом эттирилаётган ишлар эди. Бир қисми 30 апрелгача, бир қисми 1 июнга қадар тугалланиши лозим эди.

BBC: Яъни, Харкивдаги истеҳкомлар қурилиши фақат 1 июнда тўлиқ якунланиши керак эдими?

О.С.: Кўряпсизми, бу жуда шартли. Чунки бизда қура олмайдиган позициялар бор ва тинимсиз отишмалар туфайли муддатни кечиктирамиз. Шунинг учун биз ўз режаларимизга ўзгартиришлар киритамиз. Отишма бўлмаётган ва миналардан тозалаш ишлари ўтказилган жойларда истеҳкомлар қуриш бўйича олдимизга қўйилган вазифалар аллақачон бажарилган ва ишлар тўлиқ якунланган.

BBC: Сиз масъул бўлган бу линия Украина қуролли кучлари шахсий таркиби учун бетон бошпаналар билан жиҳозланган ва ҳимояланганми?

О.С.: Мен сизга шундай дейман: биз қурилиш ишларини мудофаа вазирлиги сўрови бўйича бажарганмиз. Қандай қурилган, нима қурилган, нега айнан шу ерда ва буни ким режалаштирилган каби манипуляциялар бўлмаслиги учун.

Биз — фақат буюртмани ижро этувчилармиз. План-схемалар, жойлашув, нима айнан қаерда бўлиши, қандай бетон, қандай конструкциялар ишлатилиши — буларнинг бари мудофаа вазирлиги лойиҳасида ишлаб чиқилган. Ва биз буларнинг барчасини, албатта, ҳарбий муҳандислар кузатуви остида қурдик.

BBC: Нима бўлганда ҳам, фуқаролик ҳокимияти, хусусан, област ҳарбий маъмурияти қандайдир тарзда мудофаанинг биринчи ва иккинчи чизиқларини текширишда иштирок этганми. Ёки сизга рухсат берилмаган ва уларни ҳарбийларнинг ўзи назорат қилганми?

О.С.: Бу бизнинг функция эмас.

Март ойида Харкив области ҳарбий маъмурияти матбуот хизмати «Россия билан чегара яқинида» мудофаа чизиқлари қурилаётгани тўғрисидаги фотоҳисоботни тақдим этганди

Харкив учун хавф

Вовчанск Россия юриши бошланиши биланоқ интенсив ўққа тутилмоқда

BBC: Тушунишимча, Вовчанск — чегарадан 5 км масофада ва мудофаанинг биринчи чизиғида?

О.С.: Бу ҳарбийларимиз қаерда бўлганига боғлиқ. Улар бутун мудофаанинг биринчи маррасида бутун чизиқ бўйлаб жойлашади.

BBC: Воқеалар ривожини қандай кўрасиз? Сиз русларда тўғридан тўғри Харкив томон силжиш истагини кўряпсизми ёки улар кучларини айнан Вовчанскни эгаллаш учун жамламоқдами?

О.С.: Биз кўряпмизки, уларнинг мақсади — ваҳима уйғотиш, тинч аҳоли вакиллари орасида ваҳимали кайфият тарқатиш. Душман дезинформация, ИПСО (ахборий-психологик махсус амалиёт — таҳр)дан кенг фойдаланмоқда. Айримлар бунга ишониб қолмоқда. Шунинг учун биз пиар қилиш ва Украина қуролли кучларини ҳамда давлат ҳокимияти органларини обрўсизлантирадиган нотўғри ахборотлар тарқатиш вақти эмаслигини тушунтиришга мажбурмиз.

BBC: Мен Харкивга эҳтимолий таҳдид бўйича жавобингизни тушунмадим. Сиз ҳозир бундай хавф кўрмаяпсизми?

О.С.: Ҳозир биз кўряпмизки, уларда Харкив шаҳрини эгаллаш ниятини амалга ошириш учун етарли кучлар йўқ.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид