Жаҳон | 07:57 / 17.05.2024
1733
2 дақиқада ўқилади

Латвияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган икки шахс қўлга олинди

Ушланганлар Латвияда жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахслар ҳақидаги маълумотларни Россия разведка хизматларига узатганликда гумон қилинмоқда, дея тушунтирди Давлат хавфсизлик хизмати.

Латвия Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари икки кишини Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда 16 май, пайшанба куни Болтиқбўйи республикаси махсус хизмати маълум қилди. Жиноят иши 2 май куни қўзғатилган, ушлаш 13 май куни бўлиб ўтган, икки кундан кейин айбланувчилар қамоққа олинган.

Қўлга олинганлар махфий маълумотларни тўплаш ва Россия махсус хизматларига узатишда гумон қилинмоқда. Гап Латвияда жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган шахслар ҳақида ҳам кетмоқда, дея тушунтирди Давлат хавфсизлик хизмати.

Иш доирасида Рига ва унинг атрофидаги бир қатор объектларда тергов ҳаракатлари олиб борилди. Айбланувчилардан бири аввалроқ Россия Федерацияси фойдасига жосуслик қилганликда айбланган, дея маълум қилди махсус хизмат.

Россия фойдасига жосуслик қилган собиқ депутатга қамоқ жазоси

Бу Латвияда «жосуслик» моддаси бўйича биринчи ҳолат эмас. 2023 йил ноябр ойида Рига шаҳар суди Латвия Сеймининг собиқ депутати Янис Адамсонс ва Латвия ССР КГБда ишлаган Россия фуқароси Геннадий Силоновни Россия Федерацияси фойдасига жосуслик фаолиятида айбдор деб топди.

Суд Адамсонсни икки йил синов муддати билан 8 йил-у 6 ойга, Силоновни эса худди шундай синов муддати билан 7 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди. Тергов маълумотларига кўра, 2021 йил июн ойида қўлга олинган собиқ депутат НАТО бўлинмалари, Латвия ҳарбий харидлари, мамлакат бюджети, қонунларга киритилган ўзгартиришлар ва чегарадаги вазият ҳақида маълумотларни тўплаган ва Силонов орқали Россия махсус хизматларига берган.

2023 йил декабрида Давлат хавфсизлик хизмати Латвияда Россия махсус хизматларига жосуслик фаолиятида гумон қилинган Россия фуқаросини қўлга олди. Рига маълумотларига кўра, эркак Латвиядаги «муҳим инфратузилма ва ҳарбий объектлар ҳақида маълумот тўплаган ҳамда Россия разведкаси ва хавфсизлик хизматларига узатган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид