Жаҳон | 07:25 / 18.05.2024
1812
2 дақиқада ўқилади

Суд UniCredit Bank’нинг Россиядаги активлари ва ҳисобрақамларини хатловга олди

Санкт-Петербург арбитраж суди «РусХимАльянс» даъвосига кўра, 462,67 миллион евролик активларни хатловга олди. Уст-Лугадаги газни қайта ишлаш мажмуаси оператори UniCredit Bank’дан тахминан 448 миллион евро ундирмоқчи.

Фото: Picture Alliance

Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти арбитраж суди «ЮниКредит Банк» АЖ ва UniCredit Bank AG’нинг умумий қиймати 462,67 миллион евро бўлган мол-мулки, ҳисобрақамлари ва қимматли қоғозларини хатловга олди. 17 май, жума куни Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Россиянинг «РусХимАльянс» компанияси даъвоси асосида вақтинчалик чоралар кўрилди. Ушбу юридик шахс Уст-Луга шаҳрида газни қайта ишлаш ва суюлтириш мажмуасини қуриш бўйича операторлардан бири ҳисобланади

Компания 2023 йил август ойида UniCredit Bank’га қарши даъво аризаси билан чиқди. «РусХимАльянс» банк кафолатлари бўйича тўлаш учун 443,76 миллион евро қарзни, шунингдек, қарзни тўлаш санасигача уни ҳисоблашни давом эттирган ҳолда 4,46 миллион евро жаримани ундирмоқчи эди. 

ЕИ санкциялари ва Уст-Лугадаги комплекс бўйича келишувни бекор қилиш 

UniCredit Bank Германиянинг Linde компанияси билан Уст-Лугада газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш бўйича шартнома бўйича кафил банклардан бири сифатида ишлади. Шартнома Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатларга жавобан Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар туфайли бекор қилинган. Шундан сўнг, «РусХимАльянс» Linde, шунингдек, Deutsche Bank ва Commerzbank’га даъво аризаси билан чиқди. 2022 йилнинг декабрида Санкт-Петербургдаги арбитраж Linde’нинг Россиядаги 35 миллиард рубллик активларини хатловга олди. 

UniCredit Bank Россияда Raiffeisen Bank International’дан кейин энг йирик хорижий банк ҳисобланади ва баланс активлари бўйича Россия Федерациясининг 20 та энг йирик банклари қаторига киради, дея таъкидлайди dpa агентлиги. Молиявий муассаса вакиллари Россия судининг қарорига изоҳ бермади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид