10:10 / 20.05.2024
4766

Лондон - иттифоқчиларга: Киевга Қримдаги нишонларга зарба йўллашга рухсат беринг

Лондон Киевга яриморолдаги нишонларни Британия қуроллари билан уришга рухсат берди, деди мудофаа вазири Шэппс. Британия Украинага Storm Shadow ракеталарини ҳам топширди.

Фото: DELFI

Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Германия ва Украинанинг бошқа иттифоқчиларини Киевга Қримдаги нишонларга Ғарб томонидан етказиб берилган қуроллар билан зарба йўллашга рухсат беришга чақирди. Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари 19 май, якшанба куни Sky News телеканалида тегишли таклиф билан чиқди. 

Sunday Morning with Trevor Phillips дастурининг меҳмони қуролга рухсатномалар ҳақида батафсил маълумот бермади. «Аммо мен шуни айтишим мумкин: Украина омон қолиш учун курашмоқда», - дея таъкидлади Шэппс. 

Лондон қуроли Қримдаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун ишлатилади 

Бундан ташқари, вазир Лондон Украинага етказиб берилган қуроллардан Россиядаги нишонларни ўққа тутиш учун фойдаланишга рухсат берадими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Бироқ, бу қуроллар Қримдаги ҳарбий нишонларни йўқ қилиш учун қўлланади, деди у. «Бирлашган Қироллик бизнинг қуролларимиздан қандай фойдаланилиши ҳақида жуда аниқ позицияга эга. Биз Қримни Украинанинг ажралмас қисми сифатида кўрамиз», - дея қўшимча қилди Шэппс. 

Лондон Украина томонига, хусусан, Storm Shadow узоқ масофали қанотли ракеталарни топширди. Киевнинг бошқа иттифоқчилари ҳам узоқ масофага учувчи қуролларга эга, аммо улар Қримда улардан фойдаланишга рухсат бермаяпти, деди Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Лондон Москва ва Пекин ўртасидаги яқинлашувдан хавотирда 

Шу билан бирга, Шэппс Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишидан хавотир билдирди. «Ёдда тутинг: булар демократияга ишонмайдиган икки давлат», - деди вазир. «Агар улар ўз тизимини бутун дунёга тарқатмоқчи бўлса, биз кўзимизни катта очиб, бу бизнинг ҳаёт тарзимизга тўғридан тўғри таҳдид эканини кўришимиз керак», деб қўшимча қилди у.

Top