Жаҳон | 07:45 / 23.05.2024
2788
2 дақиқада ўқилади

Лондон Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айблади

«Бизда Россия ва Хитой ўртасида қуроллар соҳасида ҳамкорлик борлиги тўғрисида далиллар мавжуд», деди Британия мудофаа вазири.

Фото: Vladimir Smirnov/dpa/TASS/picture alliance

Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Хитойни Россияга қуроллар етказиб беришда айблади. «Бугун мен Россия ва Хитой ўртасида қуроллар соҳасида ҳамкорликка оид далилларга эга эканлигимиз ҳақида хабар беришим мумкин», деди Шэппс 22 май, чоршанба куни Лондон мудофаа конференциясида.

Америка ва Британия разведка хизматлари маълумотларига таяниб, Шэппс қуроллар «аллақачон Хитойдан Россияга оқиб келаётганини» даъво қилди. Бу маълумотлар Пекиннинг Москвага ўз таъсирини мўътадил деб кўрсатишга уринишларига зид, дея қўшимча қилди Британия мудофаа вазири. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия Федерацияси ўртасидаги «жуда яқин» муносабатлардан мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 64 фоизга ошгани далолат беради. 

АҚШ ва Германия Хитойни огоҳлантирмоқда 

Германия канцлери Олаф Шолц Хитойга ташрифи чоғида Хитой ҳукуматини санкцияларни четлаб ўтмасликка ва Москвага қурол етказиб бермасликка чақирди. Апрел ойида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Хитой компанияларига товарларни Россияга экспорт қилганликлари учун қаттиқ санкциялар билан таҳдид қилган эди. 

Бироқ, Хитой Россияни қўллаб-қувватламоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, Пекин Москвани ҳарбий мақсадлар учун геофазовий разведка маълумотлари, шунингдек, ҳарбий саноат учун зарур бўлган микроэлектроника, танклар ишлаб чиқариш учун ускуналар ва ракеталар учун ёнилғи билан таъминлайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид