09:19 / 24.05.2024
2642

Беларусда мамлакат қуролли кучлари Бош штабига янги бошлиқ тайинланди

Генерал-майор Павел Муравейко Беларус Қуролли кучлари Бош штабининг янги бошлиғи бўлди. Декабр ойида у Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Фото: AP

Беларус раҳбари Александр Лукашенко 23 май, пайшанба куни мамлакат қуролли кучлари Бош штаби бошлиғини тайинлади. Бу лавозимни генерал-майор Павел Муравейко эгаллади, у ҳозиргача Беларус Хавфсизлик кенгаши давлат котибининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Муравеико 52 ёшда. Минск олий ҳарбий-сиёсий мактабини ва Россия Бош штабининг Ҳарбий академиясини тамомлаган. У мотоўқчилар қўшинларида хизмат қилган. 2013 йилдан 2020 йилгача Бош штаб Бош операцион бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Беларус Бош штабининг аввалги раҳбари Виктор Гулевич 10 май куни ишдан бўшатилди. Расмий сабаб - унинг хизмат ўташнинг максимум ёшига етгани. Гулевич 55 ёшда.

Лукашенко Муравейкони янги лавозимга тайинлаб, уни «атрофда содир бўлаётган ҳамма нарсани ўрганиш орқали» қуролли кучларни ривожлантиришга чақирди ва урушни жиддий сабоқ сифатида қабул қилишни таклиф қилди. «Биз замонавий уруш қандай эканлигини кўришимиз, ўзимиз учун маълум хулосалар чиқаришимиз керак», деди у ва гап мина майдонлари, учувчисиз учоқлар, электрон уруш ва батареяларга қарши уруш ҳақида кетаётганига аниқлик киритди.

ЕИ санкциялар рўйхатидаги шахс

2023 йил декабрида Павел Муравейко Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Бунга Муравейко Беларус Литва орқали товарларни транзит қилиш учун «қурол кучи билан коридорни кесиш» ҳуқуқига эга эканлигини эълон қилганидан сўнг юзага келган жанжал сабаб бўлди. Муравейко шундан сўнг, Литва «чегарадан ўтказишни ҳақиқатда тақиқлаганини» ва бундай қадам «иқтисодий тажовузга ишора қилиши», шунинг учун Минск тегишли жавоб бериши мумкинлигини айтди. Литва Ташқи ишлар вазирлиги Беларуснинг муваққат ишлар вакилига норозилик билдирди ва Муравейконинг ўзига нисбатан Европа Иттифоқи санкциялари жорий этилди. 

Top