12:37 / 25.05.2024
3988

Путин Лукашенко билан ягона мудофаа маконини яратиш масаласини муҳокама қилди

Путин Лукашенко билан ягона мудофаа маконини яратиш масаласини муҳокама қилганини айтди. Шунингдек, у Ғарб мамлакатлар тараққиётини тўхтатиб, суверенитетига зарар етказа олмаслигини қўшимча қилди. Путиннинг сўзларига кўра, Россия ва Беларус «бу муҳим соҳаларда ҳамкорликни кучайтиради».

Фото: РИА Новости

Владимир Путин Россия-Беларус музокаралари давомида Беларусь президенти Александр Лукашенко билан ягона мудофаа маконини яратиш масаласини батафсил муҳокама қилганини айтди, деб ёзади РИА «Новости». «Иттифоқ давлатининг ташқи чегараларидаги кескин вазиятни ҳисобга олган ҳолда, музокаралар давомида ягона мудофаа маконини шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди», деди у.

Бундан ташқари, Путин Ғарб мамлакатлар тараққиётини тўхтатиб, суверенитетига зарар етказа олмаслигини қўшимча қилди. «Бу ерда биз ўзимизни мутлақо ишончли ҳис қиляпмиз ва ушбу муҳим йўналишларда ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаймиз», деди у. Путин Минскка 23 май куни етиб келди. Беларус Россия президенти қайта сайланганидан кейин Хитойдан кейин ташриф буюрган иккинчи давлатга айланди.

Аввалроқ, 7 май куни Беларус Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Александр Волфович мамлакат ҳақиқий жанговар вазиятга имкон қадар яқин шароитда тактик ядро қуролидан фойдаланишга қодир кучлар ва воситаларни тўсатдан текширувдан ўтказишини маълум қилганди. «Текширув Россия Федерациясидаги ҳамкасбларимиз томонидан стратегик бўлмаган ядро қуролларидан фойдаланиш бўйича олиб борилган тадбирлар фонида режалаштирилган ва улар билан синхронлаштирилди», - дея аниқлик киритди у.

Бундан олдин, 6 май куни Россия Мудофаа вазирлиги яқин келажакда «стратегик бўлмаган ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш билан боғлиқ масалаларни амалий синовдан ўтказиш бўйича» машғулотлар ўтказишини маълум қилганди. 

21 май куни Россия ҳарбий департаменти Жанубий ҳарбий округда ўқув машғулотларининг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди. Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, машғулотлар «стратегик бўлмаган ядро қуролидан жанговар фойдаланиш бўлинмалари шахсий таркиби ва техникаси тайёрлигини ҳамда Россия давлатининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сўзсиз таъминлашга қаратилган». 

Top