11:03 / 25.05.2024
4394

Венгрия бош вазири НАТОга аъзолик мақоми қайта кўриб чиқилишини маълум қилди

Венгрия мамлакатнинг НАТОдаги ролини қайта баҳоламоқда, деди бош вазир Виктор Орбан. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ўз ҳудудидан ташқарида алянс ҳаракатларида иштирок этишдан қочмоқчи. Орбаннинг таъкидлашича, Венгрия НАТОнинг алянс аъзоларини ҳимоя қилиш миссиясига содиқ, бироқ Украинани молиялаштиришдан хавотирда, у «ҳарбийлар фаолроқ иштирок этишига» олиб келиши мумкин.

Фото: Reuters

Венгрия мамлакатнинг НАТОга аъзолик мақомини қайта кўриб чиқиш устида ишламоқда, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан. Унинг Bloomberg агентлиги томонидан келтирилган сўзларига кўра, мамлакат «НАТОдаги аъзолигини шундай сақлаб қолишга интиладики, у алянснинг ўз ҳудудидан ташқаридаги ҳаракатларида «иштирок этиши шарт бўлмайди».

Орбан айтишича, Венгрия НАТОнинг алянс аъзоларини ҳужум содир бўлган тақдирда ҳимоя қилиш миссиясига содиқдир. Шу билан бирга, у Венгрия НАТОга аъзо бўлмаган чегарадош давлатни молиялаштириш ва қурол-яроғ билан таъминлаш охир-оқибатда ҳарбийларнинг кўпроқ иштирок этишига, эҳтимол ҳатто қўшин юборишига олиб келишидан хавотирда эканлигини таъкидлади, дея хабар беради агентлик. 

Венгрия НАТО аъзоси сифатида мунозараларда иштирок этмоқда, аммо амалда «иштирок этмайдиган аъзо»га пул ва қурол-яроғ юборишга қарши, деди Орбан. Венгриянинг бундан расмий воз кечиши НАТОга аъзоликнинг янги концепциясига тенг бўлади, дейди у. «Бу қанча давом этишини билмайман», деб қўшимча қилди у. 

Орбаннинг баёноти НАТО аъзолари янги чора-тадбирлар тўпламини ишлаб чиқаётган пайтда янгради, у алянс етакчиларининг июл ойида Вашингтондаги саммитида тақдим этилиши керак, деб ёзади Bloomberg. Ушбу чора-тадбирлар НАТОнинг оператив даражада қурол-яроғ етказиб беришдаги ролини оширишни ўз ичига олиши кутилмоқда. 

Reuters агентлиги апрел ойи бошида ёзганидек, НАТО ташқи ишлар вазирлари узоқ муддатли асосда ҳарбий ёрдам етказиб бериш, жумладан, 100 миллиард евро миқдорида беш йиллик жамғарма яратиш таклифини муҳокама қилиш учун учрашган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг беш йил давомида ёрдам бериш учун 100 миллиард евролик иттифоқ фондини яратишни таклиф қилган. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Сергей Рябков 17 май куни НАТО Россия билан тўғридан тўғри қуролли можаро ёқасида мувозанатли ҳолатда турганини айтди. «Умуман олганда, Шимолий Атлантика алянси биз билан тўғридан тўғри қуролли тўқнашув ёқасида мувозанатни сақлашга том маънода тайёр бўлган авантюристик сиёсат юритиб, тегишли мамлакатларнинг асосий хавфсизлик манфаатларини бутунлай инкор этади», - деди у. 

Top