Жаҳон | 21:30 / 28.05.2024
15882
3 дақиқада ўқилади

Путин Украинага ғарб қуроллари билан Россияга зарба бериш учун рухсат тегиши юзасидан фикр билдирди

Россия президенти НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг Украина томонидан ғарб қуролларини Россия ҳудудида жойлашган нишонларга қарши ишлатишга тақиқ олиб ташланиши ҳақидаги сўзларига изоҳ билдирди.

Фото: kremlin.ru

«Агар у [Столтенберг] Россия ҳудудига узоқ масофага уча оладиган юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба бериш имконият ҳақида гапираётган бўлса, гарчи у оддий фуқаро бўлса ҳам ҳарбий-сиёсий ташкилотни бошқараётган инсон сифатида узоқ масофаларга уча оладиган юқори аниқликдаги қуроллардан космик разведка воситаларисиз фойдаланиб бўлмаслигини билиши керак», — деган Путин Ўзбекистонга ташрифи якунларида журналистларга.

Россия президентига кўра, Storm Shadow зарбдор тизимлари билан боғлиқ ҳолатда нишонли танлаш ва парвоз вазифаси «украиналик ҳарбий хизматчиларнинг бирор иштирокисиз» амалга оширилади.

«Буларни ким қилади унда? Буларни ўша зарбдор тизимларни ишлаб чиқараётган ва уларни гўёки Украинага етказиб бераётганлар амалга оширишади. Бу ишлар украиналик ҳарбий хизматчиларнинг мутлақо иштирокиз амалга оширилиши мумкин, шундай бўляпти ҳам», — деган Россия етакчиси.

«Нима демоқчиман. НАТО мамлакатларининг бу вакиллари, айниқса Европадагилар, айниқса кичик давлатдагилар, умуман, нима билан ўйнашаётгани борасида ўзларига ҳисоб беришлари лозим. Улар ҳудуди унча катта бўлмаган, аҳолиси зич жойлашган давлат эканликларини эсдан чиқармаслиги керак. Бу — Россия ҳудудининг ичкарисига зарба бериш ҳақида гапиришдан аввал улар инобатга олиши лозим бўлган омил», — деган Путин.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун Белгия пойтахти Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари билан учрашув олидан Украина Ғарб томонидан етказиб берилаётган қуроллардан Россия ҳудудидаги «легитим нишонлар»га зарба бериш имкониятга эга бўлиши, акс ҳолда Украина қуролли кучларининг қўллари боғлиқ бўлиши ва улар самарали ҳимоялана олмаслиги ҳақида айтиб ўтган.

НАТО бош котиби ушбу чекловларни қайта кўриб чиқиш фурсати етганини таъкидлаган.

Европа Иттифоқининг халқаро ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам кейинроқ бу масала ҳақида тўхталиб ўтган.

«Биз Украина кучлари томонидан фойдаланилаётган ғарб қуролларининг Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга қарши ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ишлатилишига қарши чекловларни олиб ташлаш, имкониятини муҳокама қилдик. Бу халқаро ҳуқуқ бўйича қонуний ҳаракат ҳисобланади, агар ундан меъёрида фойдаланилса.

Лекин бундай қарорни ҳар бир мамлакат алоҳида чиқариши керак, алянс аъзоси бунга рози бўлиш ё бўлмаслик борасидаги мажбуриятни мустақил ўз зиммасига олиши керак. Айрим давлатлар қурол етказишга қарши бўлишган, сўнгра уларнинг фикри ўзгариб, бугунга келиб розилик билдиришган. Улар Украинага етказилаётган қуролларга чекловни олиб ташлашга ҳам рози бўлмоқда. Лекин бу аъзо давлатнинг ўз мустақил қарори.

Ҳеч ким Украинага етказилган қуролларга ўрнатилган тақиқни олиб ташлашга давлани мажбурлашга ҳақли эмас», — деган Боррел.

Мавзуга оид