Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дания парламенти Фаластинни тан олиш ҳақидаги резолюцияни рад этди
Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен аввалроқ Фаластин мустақил давлатини тан олиш учун «ҳеч қандай дастлабки шартлар» йўқлигини айтган эди.
Дания парламенти 28 май, сешанба куни Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги резолюция лойиҳасини кўпчилик овоз билан рад этди. Ҳужжатнинг қабул қилинишига 83 депутат қарши чиқди, 21 нафари ёқлаб овоз берди, яна икки нафари бетараф қолди, деб хабар беради Дания парламенти сайти.
Фаластин давлатини тан олиш таклифи шу йил феврал ойи охирида тўртта мухолифат партияси томонидан илгари сурилган эди. Апрел ойида парламентда лойиҳанинг биринчи муҳокамаси чоғида ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен Дания «мустақил Фаластин давлатини тан ололмайди, чунки бунинг учун ҳеч қандай дастлабки шартлар йўқ» деди. «Биз бу резолюцияни қўллаб-қувватлай олмаймиз, бироқ биз буни қила оладиган кун келишини истаймиз», - дея Расмуссен сўзларини келтирган Reuters.
Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластинни расман тан олди
Айни пайтда, Фаластин 28 май куни Норвегия, Испания ва Ирландия томонидан расман мустақил давлат сифатида тан олинди. Икки кун аввал Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде Брюсселдаги учрашувда Фаластин миллий маъмурияти бош вазири Муҳаммад Мустафога тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган эди. Унинг фикрича, агар бошқа давлатлар Норвегиядан ўрнак олса, бу қарор Яқин Шарқдаги можарони «тинч йўл билан ҳал этиш учун катта туртки бериши» мумкин.
Исроил Фаластин давлатини тан олишга мутлақо қарши. Яқинда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Фаластин маъмурияти суверен давлат бўлиш учун зарур бўлган мезонларга жавоб бермаслигини айтиб ўтди.
Германия ҳозирча Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслигини айтди. АҚШ президенти Жо Байден ҳам Фаластин бир томонлама тан олинишини рад этди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
23:52 / 07.06.2026
Эриксен яна ўйин вақтида ҳушидан кетди
23:08 / 21.05.2026
Париж Фаластин халқига фахрий фуқаролик бермоқчи
18:02 / 01.05.2026
Инфантино жонли эфирда Исроил ва Фаластинни яраштиришга уринди
19:07 / 27.04.2026