Жаҳон | 09:09 / 29.05.2024
3175
3 дақиқада ўқилади

Россия Молия вазирлиги қатор аҳоли гуруҳлари учун даромад солиғи ставкасини оширмоқда

Йилига 50 миллион рублдан ортиқ даромадлар учун янги солиқ ставкаси 22 фоиз бўлиши режалаштирилган. Украинадаги уруш қатнашчиларига тузатишлар таъсир қилмайди.

Фото: РИА Новости / Нина Зотина

Россия Молия вазирлиги 15 фоизлик ставкани қўллаш учун йиллик даромад чегарасини 2,4 миллион рублгача пасайтириш ва ҳар бир киши учун 50 миллион рублдан ортиқ даромадлар учун максимал 22 фоиз ставка билан яна учта босқични жорий этиш орқали шахсий даромад солиғининг прогрессив шкаласини кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда 28 май, сешанба куни кечқурун Россия ОАВ хабар берди.

«Ўзгартиришлар Давлат думаси томонидан баҳорги сессиядаёқ қабул қилиниши мумкин, бу президентнинг хабарда айтилган бир қатор ижтимоий аҳамиятга эга масалалар бўйича кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди», дейилади Молия вазирлиги сайтида.

Таъкидланишича, Молия вазирлиги томонидан ҳукумат кўриб чиқиши учун тақдим этилган қонун лойиҳалари тўплами 2024 йилга мўлжалланган бюджет тўғрисидаги ҳамда 2025 ва 2026 йилларни режалаштириш даврига оид қонунларга ўзгартиришлар, шунингдек, Солиқ ва Бюджет кодексларига тузатишлар киритишни ўз ичига олади.

Россияда янги солиқ ставкалари

Даромадлари йилига 2,4 миллион рублдан ёки ойига 200 минг рублдан ошадиган ҳар бир киши учун прогрессив солиқ шкаласини жорий этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2,4 миллиондан 5 миллион рублгача бўлган даромадлар учун солиқ ставкаси 15 фоизни ташкил қилади; 5 миллиондан 20 миллион рублгача даромад учун - 18 фоиз; 20 миллиондан 50 миллион рублгача даромад учун - 20 фоиз; 50 миллион рублдан ортиқ даромад учун - 22 фоиз; бошқа барча шахсий даромад солиғи учун 13 фоиз миқдорида қолади. 2021 йилдан бошлаб 5 миллион рублдан ортиқ йиллик даромадга 15 фоиз шахсий даромад солиғи ставкаси қўлланади.

Кўтарилган солиқ барча даромадлардан эмас, балки даромадлар йилига 2,4 миллион рубл миқдоридаги базавий даражадан ошадиган суммадан ундирилади.

Украинадаги уруш қатнашчиларига тузатишлар таъсир қилмайди. Уларнинг нафақалари ва қўшимча тўловларига ўн уч фоизлик солиқ солиниши давом этади. 

Икки ёки ундан ортиқ болали оилалар, агар уларнинг жон бошига даромади ойига ўртача яшаш даражасидан паст бўлса, 13 фоиз солиқнинг 7 фоизини қайтариш имкониятига эга бўлади. Яъни, улар учун солиқ ставкаси аслида 6 фоиз бўлади. 

Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, прогрессив шкала жорий этилиши мамлакат меҳнатга лаёқатли аҳолиси 3,2 фоизига таъсир қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид