Ўзбекистон | 21:23 / 30.05.2024
4703
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти ваколатхонаси очилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев 30 май куни Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти бош директори билан шу масалани муҳокама қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 май куни Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун юртимизга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди. 

Илм-фан, маданият, таълим ва туризм соҳаларида ушбу нуфузли минтақавий тузилма билан конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, Ўзбекистонда ICESCO минтақавий ваколатхонасини очиш масаласи ўрганиб чиқилиши қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ташкилот билан ўзаро манфаатли ва жадал ҳамкорликнинг бугунги даражасини алоҳида мамнуният билан қайд этди. 2007 йилда Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган, 2020 йилда Бухоро шаҳри, 2025 йил учун эса Самарқанд шаҳри ушбу мақомга эга бўлди. Жорий йилда Хива Ислом дунёсининг туризм пойтахти ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги Халқаро ислом академиясида ICESCO Ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича махсус кафедраси фаолият юритмоқда. 

Ҳамкорликнинг янги йўналишлари сифатида қўлёзмалар ва бошқа тарихий ёдгорликларни сақлаш, реставрация қилиш бўйича тажриба алмашиш, бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш, араб тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро илмий ва маданий тадбирларни ташкил этиш белгиланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид