Жаҳон | 08:40 / 31.05.2024
4495
2 дақиқада ўқилади

Россия иттифоқчилар Нормандияга туширилганининг юбилей маросимига таклиф қилинмайди

Аввалроқ ташкилотчилар Россия президенти Владимир Путинни таклиф қилмоқчи эмасликларини билдиришган эди. Энди юбилей тадбирига Россия вакилларидан ҳеч ким таклиф этилмаслиги маълум бўлди.

Фото: AP

Россия делегацияси иттифоқчиларнинг Нормандияга туширилганининг 80 йиллигини нишонлаш маросимига таклиф этилмайди. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Reuters агентлиги икки юқори мартабали европалик дипломатга таяниб хабар берди. Уларнинг фикрича, Россия Федерацияси вакилларининг иштирок этишини ҳеч ким хоҳламаяпти, чунки Россия Украинада уруш олиб бормоқда.

Апрел ойида француз оммавий ахборот воситалари юбилей тадбири ташкилотчиси - Mission Libération компаниясига таяниб, фақат Россия президентининг келиши кутилмаётганини, аммо Россия Федерациясининг баъзи вакиллари «совет халқининг жасорати ва 1945 йилдаги ғалабага қўшган ҳиссасини тан олган ҳолда» таклиф қилиниши мумкинлигини ёзган эди.

Россия расмийларининг иштирок этмаслиги

Энди манбалар Украина ва АҚШ президентлари Володимир Зеленский ва Жо Байден иштирок этадиган маросимда Россия расмийларининг иштирок этишини имконсиз деб атамоқда. 

Ғарбий иттифоқчиларнинг 1944 йил 6 июнда Нормандияга туширилиши ёки «Д кун» Британия, АҚШ ва Канада қуролли кучларининг 156 000 аскарини ўз ичига олган Иккинчи жаҳон уруши даврида Ҳитлер қўшинларига қарши энг йирик ҳарбий операциялардан бири бўлганди. 

Мавзуга оид