Жаҳон | 12:11 / 31.05.2024
2261
2 дақиқада ўқилади

Россияда ватанпарварлик руҳидаги шеърлар муаллифи қотиллик учун судланмоқда

Россия Мудофаа вазирлиги томонидан аввалроқ реклама қилинган шеърлар муаллифи, Россия Қуролли кучларининг катта лейтенанти «ЛХР»да яшаган 23 ёшли қизни ўғирлаш ва шафқатсизларча ўлдиришда айбланмоқда. 

Ростов-Дон жанубий округ ҳарбий суди икки нафар россиялик ҳарбий хизматчи – ҳаво-десант взводи командири, катта лейтенант Айдин Жамидулов ва унинг қўл остидаги оддий ҳарбий хизматчи Алексей Дорожкинга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади, деб хабар берди 30 май, пайшанба куни «Коммерсант». Улар «ЛХР»да яшаган 23 ёшли Валентина Давроновани ўғирлаш ва шафқатсизларча ўлдиришда айбланмоқда

Тергов маълумотларига кўра, қиз гўёки Жамидуловни хотинига яқин муносабатлари ҳақида айтиб беришини билдириб қўрқитган. Шу муносабат билан Жамидулов уни шериги билан бирга эгаллаб олинган Луҳанскдаги муассасалардан биридан ўғирлаб, юк машинасида ўз ҳарбий қисмининг вақтинчалик жойлаштириш пунктига олиб боришга қарор қилган. У ерда, аскарлар ҳаммомида, рус армияси зобити унга йигирма марта пичоқ урган ва жиноят изларини яшириш учун жасадини гранаталар билан портлатишни буюрган. 

Нашр жиноят иссиқ изида фош этилгани, ишни мазмунан кўриб чиқиш ёзда бошланиши кутилаётганини таъкидлаган. Қотилликда айбланаётган учинчи айбланувчи – Жамидулов жабрланувчини охиригача ўлдиришни буюрган сержант Роман Плешчеевнинг иши алоҳида кўрилади. 

«Ватанпарвар шоир» Россия Мудофаа вазирлиги томонидан реклама қилинган 

«Коммерсант» материалларига кўра, 28 ёшли қозоғистонлик Жамидулов Россия Мудофаа вазирлиги билан 2022 йил январида шартнома имзолаган. Урушдан олдин у рафиқаси ва икки қизи билан Псков вилоятида яшаган.

Жамидулов Украинага ҳужумга тайёргарлик пайтида ёзган ватанпарварлик руҳидаги шеърлари туфайли урушни маъқуллаганлар доирасида шуҳрат қозонган. 2022 йил ноябр ойида Россия Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram-каналида Жамидулов ҳақида икки марта хабар эълон қилди. Охирги постда у шеър ўқиб берган ва канал обуначиларига «у билан фахрланаётган» рафиқаси ва қизлари уйда кутишаётганини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид