07:41 / 04.06.2024
4594

Шолц: Россияга қарши немис қуролларидан фойдаланиш кескинлашувга олиб келмайди

Германия канцлерининг сўзларига кўра, Украинанинг Россиядаги нишонларни Ғарб қуроллари билан уриш ҳуқуқи Киевга фақат йирик шаҳарларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц Украинага Германиядан етказиб берилган қуроллар билан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун очилган имконият кескинлашувга олиб келишига ишонмаяпти. «АҚШ президенти айтганидек, биз фақат катта шаҳарни, масалан, Харкивни ҳимоя қилиш қобилияти ҳақида гапиряпмиз», деди у 3 июн, душанба куни Antenne Bayern радиостанцияси эфирида.

Канцлернинг таъкидлашича, Киевга немис қуролларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш қарори Германия «дўстлари ва иттифоқчилари» билан ҳамкорликда пухта ўйланган. Шу билан бирга, Шолц Германия фуқароларини «нотўғри ва бевақт қарорлар» қабул қилиши учун унга ҳеч қачон босим ўтказишга йўл қўймаслигига ишонтирди. 

31 май, жума куни Германия ҳукумати Украинага Германия томонидан етказиб берилган қуроллардан Россиядаги нишонларга зарба йўллаш учун фойдаланишга рухсат берди. Унинг расмий вакили Штеффен Хебештрайт ўз баёнотида Берлиннинг ушбу масала бўйича позицияси ўзгаришини Россия армияси Харкив вилоятига тўғридан тўғри қўшни позициялардан «тайёрланган, мувофиқлаштирилган ва амалга оширилган» ҳужумлари кўпайиши билан изоҳлади. «Украина халқаро ҳуқуққа мувофиқ, бу ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», деди Хебештрайт. 

Худди шу ҳуқуқни Киевга АҚШ ва бошқа бир қатор Ғарб давлатлари ҳам берган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги 3 июн куни Украинанинг унга берилган Америка қуролларидан фойдаланиши ҳақидаги қарорлар «ҳалокатли оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. 

Top