Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Катанец — Туркманистон устидан ғалаба, уни ҳайратда қолдирган футболчи, дарвозабонлар ва пеналтиларга тайёргарлик ҳақида
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ЖЧ-2026 саралаши 5-туридан ўрин олган Туркманистонга (3:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Футболчиларни ғалаба билан табриклайман. Биринчи бўлимда хатолар бўлди, вазиятлардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда эса даражамизни кўрсатдик ва рақибга босим ўтказдик.
Бизни барча жамоа ҳурмат қилади. Умид қиламанки, сентябрдаги ўйинларга ҳам футболчилар тайёр келишади.
Ҳар ўйиндан янгилик оламиз. Бугун бизда ўнг қанот ҳимоячиси йўқ эди, бу позицияда Ҳуснидддин Алиқуловни синаб кўрдик ва у яхши маънода ҳайратда қолдирди. Айниқса, учинчи голдаги ассистини алоҳида таъкидлаган бўлардим.
Ўрунов бирга-бир вазиятдан фойдалана олмагани? Унга ҳеч қандай эътироз қилмадим. Жаҳон футболидаги юлдузларда ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туради. Остон ажойиб ўйин кўрсатди.
Танаффусда нималар дедим? Туркманистон одатда 4 ҳимоячи тактикасида ўйнарди, бугун 5 ҳимоячи билан ҳаракат қилди. Шу сабаб танаффусда марказдаги футболчилар сонини оширдик.
Дарвозабонлар масаласи ва Абдувоҳид Неъматовга имкон бермаслик? Дарвозабонлар мураббийи бор ва унга қулоқ соламиз. Хатолар ҳаммада бўлади. Ҳужумчи ҳам хатога йўл қўяди, аммо уники кўринмайди. Жамоада ўзига хос гармония шаклланган. Буни бузиш керак эмас.
Пеналтиларга тайёрланиш? (Ўзбекистон Осиё кубогида Қатарга айнан серияда ютқазган) Бунга алоҳида ечим йўқ. Машғулотларда ишлаш бефойда. Чунки унда мухлис бўлмайди. 50 минг одам олиб келиб, сунъий атмосфера ярата олмайсиз. Ўйинда чарчоқ бўлади, буни ҳам тўғрилай олмайсиз. Ҳатто Месси ҳам кўп бор фойдалана олмаган.
Ишонч бўлиши керак. U-23 жамоасининг Осиё кубоги финалидаги пеналтисини ҳам кўрдим. Футболчи (Умарали Раҳмоналиев) дуо қилиб, тепди. Дуо қилгани яхши. Аммо кўзида ишонч эмас, нажот бор эди. Шу сабаб пеналтиларга алоҳида тайёрланиш ҳеч қандай фойда бермайди, деб ҳисоблайман.
Пеналтилар муаммосини Суперлигада ҳам кўриш мумкин. Нега «Навбаҳор»да Жамшид Искандеров эмас, Тома Табатадзе нуқтага яқинлашади? «Пахтакор»да эса Драган Черан. Бизда машғулотларга фақат 2-3 кун бўлади. Шуни ҳам пеналтиларга тайёрланиш билан ўтказа олмаймиз.
Ротация? ЖЧ саралашида бундай қилиб бўлмайди. Мана, Эронни кўринг. Бугун Ҳонгконгга қарши ўйинда (4:2) Озмун, Торимийларни майдонга туширишди. Улар 10 йилдан бери ўйнаб келишмоқда. Бу циклда ҳар хил синовларни ўтказиб бўлмайди», — дея словениялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Мавзуга оид
21:06 / 25.04.2026
2 млн доллар – ЖЧ-2026 финалига чипталар астрономик нархларда сотилмоқда
09:22 / 01.04.2026
Ўзбекистоннинг ЖЧдаги учинчи гуруҳдоши ҳам аниқ бўлди
02:23 / 31.03.2026
Ҳусанов энг яхши бўлди. Ўзбекистон – Венесуэла ўйинидан фоторепортаж
22:56 / 30.03.2026