Жаҳон | 21:39 / 07.06.2024
6523
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳали мазмунли миграция сиёсатини қурмади – Путин

Россия президенти сўзларига кўра, мазмунли миграция сиёсатини шакллантириш йўлида кўп иш қилиш керак бўлади. 

Фото: Коммерсантъ

Россия президенти Владимир Путин миграция сиёсати муҳокамасига қайтиш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, Россияга нафақат меҳнат муҳожирлари, балки муайян малакага эга, тил, урф-одат ва қонунларни биладиган одамлар керак. Путин Россияда ҳали мазмунли миграция сиёсати қурилмаганини таъкидлади. 

«Келинг, бу масалага (миграция сиёсатига) имкон қадар тезроқ қайтайлик, биз муаммони йўқдек кўрсата олмаймиз, муаммо бор», деди Путин. 

Россия раҳбари 2016 йилда Федерал миграция хизмати тугатилиб, унинг функция ва ваколатлари Ички ишлар вазирлигига ўтганини эслатди. «Бу самарали бўлдими ёки йўқми — катта савол», деди Путин. 

Президент сўзларига кўра, мазмунли миграция сиёсатини шакллантириш йўлида кўп иш қилиш керак бўлади. Унинг аниқлик киритишича, мамлакат расмийлари мигрантларни Россияда ўзини қулай ҳис қилиши учун тил ва урф-одатлар бўйича қандай тайёрлашни аниқлаб олиши керак. Бундан ташқари, улар меҳнат бозорида ёки маиший даражада ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармаслиги керак. 

Россияда миграция сиёсати муҳокамаси Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт-залида содир бўлган терактдан кейин бошланди. Май ойи ўрталарида ички ишлар вазири Владимир Колоколцев миграцияни тартибга солиш ислоҳотига тайёргарлик бошланганини эълон қилди. 29 май куни Ички ишлар вазирлиги январ-апрел ойлари давомида 22 минг хорижлик Россиядан чиқариб юборилгани ҳақида хабар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид