Бу воқеалар ўзбек мигрант аёлларининг хорижда хавфли шароитларда қолаётгани, уларни ҳимоя қилиш тизимидаги камчиликлар юзасидан саволларни вужудга келтиради. Kun.uz Туркиядаги Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, Миграция агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва марҳумаларнинг яқинларини шу саволлар атрофида бир жойга тўплади.

«Фарзандим ўқисин деб кетади»

Туркиядаги Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Озода Исломова миграцияга кетган аёлларнинг аксарияти тирикчилик ташвишида кетаётганини таъкидлади.

“Ўзбек аёлларимиз асосан ўша иқтисодий қийинчилик туфайли, оилавий шароити туфайли, яхши ҳаётни орзу қилгани учун, фарзандларни ўқитиш учун, тўй-ҳашам қилиш учун, уй олиш учун Ўзбекистондан бу ерга келишади. Аёлларимиз билан, кўпчилиги билан ҳар доимги суҳбатларимиз натижаси шуни кўрсатадики, бизнинг ўзбек аёлларимиз ҳаммаси меҳнатсевар аёллар. Ишдан қочмайди, яхши ҳаётимиз бўлсин дейди, фарзандимга чиройли бир ҳаёт, келажакни таъминлайлик дейди ва шу сабаб улар Ўзбекистондан бу ерга келади. Ўқитайлик дейди, фарзандларини ўқитиш учун контрактини тўлаш мақсадида келади”, дейди у.

«Синглим автобусдан тушганидан кейин йўқолди»

Афсуски муаммолар давом этяпти, жиззахлик Дилноза Шайманова Туркияда бедарак йўқолган. Айни пайтда уни топиш мақсадида Туркияда бўлиб турган синглиси гапириб берди.

“Синглим Шайманова Дилноза ишлаш мақсадида Туркияга келди. Анқара шаҳрида бир кампирга қараб ишлади бир ой. Бир ойда бу уйда муаммо бўлгани учун қайтишга мажбур бўлди. Қайтиб кетаётганда автобусда қайтди Истанбулга. Автобусдан тушгандан кейин “коронавирусга анализ топшираман, ундан кейин билет оламан, қайтаман” дегандан кейин йўқ бўлди. Йўқ бўлиб, тўртинчи куни телефон қиляпти соат иккиларда Туркиянинг вақти билан. Денгизнинг ёнида кўряпман уни. Денгизнинг ёнида қандайдир бир қўрқув билан турибди. Атрофни кўрсат десам кўрсатмади. Шундан телефони ўчди, бошқа гаплашмадик. Телефон қилдик бошқа бир одам, бир аёл киши кўтариб бизни қўрқитди, бу биздан қарз деб ҳар хил гаплар гапирди бизга. Шундан бери синглим дом-дараксиз йўқ, тополмаяпмиз. Сизлардан илтимос, шу топиб беришингизни сўраб илтимос қилиб келдим”, дейди Дилнозанинг синглиси.

Бир ойда уч фожиа

Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Озода Исломованинг таъкидлашича, 2026 йилнинг дастлабки ойларида кузатилган ҳолатлар ҳатто тажрибали ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам ларзага солган. Эътиборлиси, қурбонларнинг ҳаёт тарзи ҳам, Туркияга келиш мақсадлари ҳам турлича бўлган: