Жаҳон | 19:36 / 07.06.2024
6063
1 дақиқада ўқилади

Россия компанияси Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлаши мумкин

Россиянинг «Интер РАО» энергетика компанияси Ўзбекистонга электр етказиб беришни режалаштиряпти. Компания кузатув кенгаши раиси Александра Панинага кўра, кузгача Қозоғистоннинг Ўзбекистон энергетика тизимига қандай ҳажмларни ўтказиши мумкинлигига аниқлик киритилади.

Фото: ТАСС

Россиянинг «Интер РАО»(Россиядаги электр энергияси импорт-экспорт бўйича ягона оператор) энергетика компанияси кузда Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда компания кузатув кенгаши раиси Александра Панина маълум қилган.

«Россия электр энергияси керак, у кузгача берилиши зарур бўлади. Менинг ўйлашимча, кузгача Қозоғистоннинг режалари Ўзбекистон энергетика тизимига қандай ҳажмларни ўтказиши мумкинлиги борасида аниқроқ ишлаб чиқилади», - деди у Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида.

Аввалроқ, Россия энергетика вазири Сергей Цивилев ҳам Россия ва Ўзбекистон нафақат газ, балки электр энергияси етказиб беришни сезиларли даражада ошириш бўйича фаол музокаралар олиб бораётганини айтиб ўтганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон электр энергиясини Туркманистондан, ёзда эса Қирғизистон ва Тожикистондан импорт қилади. Афғонистонга эса экспорт амалга оширилади.

Мавзуга оид