10:44 / 10.06.2024
2112

Макрон Европа сайловларидан кейин Франция парламентини тарқатиб юборди

Францияда Европа парламенти сайловларида ўнг қанот популист «Миллий бирлашув» партияси ҳукмрон «Ренессанс» партиясидан икки баравар кўп овоз тўплаб, биринчи ўринни эгаллади.

Фото: AP

Францияда Европарламент сайловларида марказчи лагер мағлубиятга учрагач, мамлакат президенти Эммануэл Макрон парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди. «Мен ҳеч нарса бўлмагандек ҳаракат қила олмайман», деди у 9 июн, якшанба куни кечқурун. 

Францияда навбатдан ташқари парламент сайловлари 30 июнда, иккинчи тур 7 июлда бўлиб ўтади, деди Макрон. Унинг сўзларига кўра, у бу билан французларга парламент келажагини сайловлар орқали ҳал қилиш ҳуқуқини бериш ниятида. «Бу қарор жиддий ва қийин, лекин биринчи навбатда бу ишонч ҳаракати ҳисобланади», дея қўшимча қилди у. 

Францияда Европа сайловларида ўнг популистлар ғалаба қозонди 

Марин Ле Пен томонидан асос солинган ўнг қанот популист «Миллий бирлашув» партияси Францияда Европарламент сайловларида ғалаба қозонди. Экзитполлар натижаларига кўра, у 32 фоизга яқин, ҳукмрон «Ренессанс» эса 15 фоизга яқин овоз тўплаган. Учинчи ўринни тахминан 14 фоиз натижа билан Франция Социалистик партияси эгаллаши прогноз қилинган. 

Ле Пен Елисей саройининг қарорини олқишлади. «Агар французлар бўлажак парламент сайловларида бизга ишонч билдирса, биз ҳокимият тепасига келишга тайёрмиз», деди «Миллий бирлашув»нинг парламент фракцияси раҳбари ва бу сиёсий куч натижасини тарихий деб атади.

Прогноз: ЕПга сайловларда ўнг марказчилар алянси етакчилик қилмоқда

Айни пайтда, Европа Иттифоқининг 27 та давлати орасида энг кучли сиёсий куч ўнг марказчи партиялар иттифоқи бўлиши мумкин. Европа халқ партияси (ЕХП) Европарламентдаги 176 ўринни қўлга киритяпти – бу 2019 йилги сайловлардан кейинги ўринлар билан бир хил, деб хабар берди Германиянинг ARD медиа-компанияси дастлабки норасмий натижалар ва овоз беришдан кейинги экзитполлар натижаларига таяниб. 

Социал-демократлар Европарламентдаги иккинчи йирик куч бўлиб қолади. ARD прогнозига кўра, Социалистлар ва демократларнинг прогрессив алянси (СвД) 134 ўринни қўлга киритади, бу аввалги қонунчилик давридагидан 5 тага кам. Учинчи натижа – «Европани янгилаш» либерал фракциясида, у 87 ўринга эга бўлади (аввалгидан 15 та кам). «Шахсият ва демократия» фракциясининг ўнг миллатчилари 70 ўрин (+21 ўрин) олиши мумкин.

Германияда ўнг қанот популистлари - иккинчи ўринда 

Германияда «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясининг ўнг қанот популистлари, сўров натижаларига кўра, 16,5 фоиз овоз тўплади ва иккинчи ўринни эгаллади. 

Европарламентга сайловнинг охирги куни – 9 июнда Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 21 тасида овоз бериш бўлиб ўтди. Аввалги кунларда бир қанча мамлакатларда сайловлар ўтказилган. Хусусан, Словакия, Латвия ва Малта сайловчилари 8 июн куни овоз беришди, Италияда ҳам овоз бериш ташкиллаштирилди. Европарламентнинг 720 нафар депутати сайловида жами 360 миллионга яқин сайловчи иштирок этиш ҳуқуқига эга. 

Top