Ўзбекистон | 10:27
1390
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Франция визаси учун воситачиларсиз ҳужжат топшириш имконсиз бўлиб қолгани айтилмоқда

Блогер Никита Макаренко ушбу муаммони кўтариб, Франция элчихонаси ва TLScontact виза марказини танқид қилиши ортидан Франция томони унинг визасини бекор қилди. Шу билан бирга, тармоқлардаги кўплаб эътирозлар фонида, виза маркази 1 июлдан бошлаб Францияга қисқа муддатли виза учун ҳужжат топширишга навбат олишнинг янги тизими жорий этилишини маълум қилди.

Ўзбекистонликлар Францияга бориш учун Шенген визасини олишдаги қийинчиликларни муҳокама қилмоқда. Тармоқлардаги эътирозлардан кейин Франция элчихонаси ва TLScontact виза маркази баёнот билан чиқди.

Блогер Никита Макаренконинг ёзишича, Францияга виза олиш учун ҳужжат топшириш вақтини танлаш амалда имконсиз ва бунинг қинғир йўллари пайдо бўлган.

“Айтиш керакки, оддий одам учун ҳужжат топшириш навбатини олиш деярли имконсиз. Бўш вақтлар ҳеч қачон бўлмайди, уларни ойлар давомида кузатиб ҳам ушлай олмаслигингиз мумкин.

Баъзи одамлар “дастурчилар” хизматидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Улар махсус дастурлар ёрдамида тизимдаги бўш жойларни автоматик равишда банд қилиб олишади. Бунинг нархи 150-200 долларни ташкил қилади. Менга эса бир неча бор TLSContact ходимлари орқали навбатни тўғридан тўғри 500 долларга сотиб олишни таклиф қилишди. Айтишларича, пулини берсангиз, ҳатто эртанги кун учун ҳам навбат топиш мумкин”, – дея ёзди Макаренко 24 июн кунги постида.

Унинг сўзларига кўра, яқинда TLScontact марказига Франция бизнес визаси учун ҳужжат топширишга муваффақ бўлган, аммо у ерда яна бир муаммога дуч келган: Ўзбекистон ҳудудида тижорий фаолият билан шуғулланаётган оддий компания (виза маркази) фуқароларга у ерда мобил телефондан фойдаланишни тақиқламоқда. Гап фото ёки видео олиш ҳақида эмас, балки оддий интернетдан фойдаланиш ёки телефон орқали гаплашиш ҳақида бормоқда.

TLScontact ходимлари бу чекловни Франция томонидан берилган кўрсатма эканини билдирган. Аммо Франция, дейди Макаренко, Ўзбекистон ҳудудида юрисдикцияга эга эмас ва унинг кўрсатмалари Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлиши мумкин эмас.

“Мен телефонимга келган битта қўнғироққа жавоб бердим ва қўриқчининг талабига қарамай унга телефонимни кўрсатмадим. Чунки бу – менинг қонуний ҳуқуқим. Натижада менга виза маълум чекловлар билан берилди.

Франция Республикаси истаса, бу визани мендан бемалол қайтариб олиши мумкин. Менга унинг кераги йўқ. Яхшиси, ўзингиз Ўзбекистонга келинг – биз сизни кутамиз ва сизга муносабат мутлақо бошқача бўлади. Биз сизлар учун визасиз режим жорий қилганмиз. Сизлар эса бизга коррупция, навбат ва ҳуқуқларимизнинг бузилишини раво кўряпсиз”, – дея ёзди блогер.

У мазкур постини эълон қилганидан бир кун ўтиб, Франция томони унинг визасини бекор қилганини маълум қилди.

Никита Макаренко илк постида, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашишга масъул ташкилотларга мурожаат қилган эди.

“Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш қўмитаси TLScontact фаолиятини ҳамда унинг ички қоидалари мамлакат қонунчилигига қанчалик мос келишини ҳар томонлама текширишини жуда истардим. Шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашаётган ташкилотлардан ҳам илтимос: TLScontact фаолияти юзасидан назорат хариди ўтказинг. Шунда кўп нарса ойдинлашади”, – деган у.

Шундан кейин бошқа қатор блогерлар ва кўплаб тармоқ фойдаланувчилари ўз саҳифаларида ва изоҳларда Шенген визасини олишдаги турлича қийинчиликлар ҳақида ёза бошлашди.

Элчихона муносабати

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнот бериб, виза олиш учун ариза топширмоқчи бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга “устувор аҳамият қаратиши”ни билдирди.

“Жисмоний шахслар ёки компаниялар томонидан ушбу тартиб-таомилдан, хусусан, молиявий мақсадларда фойда олишга бўлган ҳар қандай уринишлар қатъиян ман этилади.

Текширувлар мунтазам равишда ўтказилади. Фирибгарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга нисбатан санксиялар қўлланилади”, – дейилади элчихона муносабатида.

Франция элчихонаси ўзбекистонликларга виза олиш жараёнида норасмий тўловлар талаб қилинган тақдирда рози бўлмаслик, Францияга сафарни олдиндан режалаштириш, қабулга ёзилиш учун бўш саналар бўлмаса, кейинроқ қайта уриниб кўришни тавсия қилган.

TLScontact баёноти

TLScontact компанияси 26 июн куни баёнот бериб, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкентдаги виза марказида Францияга қисқа муддатли визалар учун ҳужжат топшириш мақсадида навбатга ёзилишнинг янги тизими жорий этилишини маълум қилди.

“Энди аризачилар қабул санасини мустақил танлаб, банд қила олмайди. Бунинг ўрнига, бўш ўринлар мавжудлигидан келиб чиқиб, қабул санаси автоматик тарзда белгиланади”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, янги тизим туристик визалар (90 кундан кам муддатга) учун жорий этилади. Бошқа барча турдаги визалар бўйича қабулга ёзилиш тартиби ўзгаришсиз қолади.

TLScontact ахборотида келтирилишича, қисқа муддатли виза олишни истаган аризачилар қуйидаги тартибда ҳаракат қилиши керак:

  1. TLScontact сайтида рўйхатдан ўтиш ва ариза учун зарур маълумотларни киритиш.
  2. Ариза текширилгач, у қабул қилингани ва навбатга қўйилгани ҳақида тасдиқнома олиш.
  3. Қабул санаси тайинланганда, бу ҳақда электрон почта орқали хабар юборилади.
  4. Хабар келганидан сўнг 24 соат ичида сервис йиғимини тўлаб, қабулни тасдиқлаш талаб этилади.

“Ушбу тартиб виза олувчиларни фирибгарлик билан шуғулланувчи ва хизматлари қиммат турадиган воситачилардан ҳимоя қилиш ҳамда барча ҳалол аризачилар учун қабулга ёзилиш имкониятини адолатли таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда”, – дейилади компания расмий ахборотида.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид