11:13 / 10.06.2024
2030

Орбан партияси - ЕИда ижтимоий тармоқларда ғарбга қарши реклама бўйича етакчи

Венгриядаги ҳукуматпараст лагер Meta ва Google’даги реклама учун 4,3 миллион евро сарфлади, дея хабар беради Political Capital таҳлилий маркази.

Фото: Getty Images/L. Balogh

Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ФИДЕС партияси ва унинг иттифоқчилари ижтимоий тармоқларда ғарбга қарши реклама тарқатиш ҳажми бўйича бутун Европа Иттифоқидаги энг йирик партияга айланди. Political Capital мустақил таҳлилий маркази томонидан 8 июн, шанба куни чоп этилган тадқиқот натижалари шундан далолат бермоқда

Материалга кўра, Венгрияда сиёсий реклама учун сарф-харажатлар жуда ассиметрикдир. «Ҳукуматпараст лагер Meta ва Google’да реклама учун 4,3 миллион евро сарфлаган бўлса, барча 14 мухолифат партияси ва уларга алоқадор оммавий ахборот воситалари бу маблағнинг бешдан биридан камроғини, яъни 839 минг евро сарфлади», — дейилади тадқиқотда. 

Биргина ФИДЕС ва унинг сиёсатчилари 2 миллион евро сарфлади - бу 764 558 евро сарфлаган барча 14 та мухолиф партиядан 2,6 баравар кўп. «Бу йил ФИДЕС Google’да Европа Иттифоқидаги энг йирик реклама берувчи бўлди ва энг кўп реклама қилинган 10 та видеодан олтитаси учун пул тўлади», — дейилади материалда. 

Ғарбга душман бўлган тарғибот таъминотчилари 

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, ФИДЕС ва унинг ишончли вакиллари Венгрияда Ғарбга душманлик кайфиятида бўлган дезинформацион позициянинг асосий тарқатувчилари ҳисобланади. Улар сарфлаган 2 миллион евро бундай ташвиқотга йўналтирилган маблағларнинг 98,6 фоизини ташкил қилади. 

4 февралдан 1 июнгача бу маблағларнинг катта қисми (46 фоизи) мухолифат сиёсатчиси Петер Мадярга қарши қаратилган антипиарга сарфланган. Иккинчи ўринда (харажатларнинг 34 фоизи) Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақидаги позицияни тарғиб қилиш бўлиб, унда «европалик уруш тарафдори бўлган сиёсатчилар ва уларнинг венгер дўстлари Учинчи жаҳон урушини бошламоқчи», деган даъво мавжуд. Учинчи ўринда (9 фоиз) - гўёки хорижий манфаатларга хизмат қилаётган ҳукумат кучлари мухолифларига қарши ташвиқот.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан яқинда мамлакати урушдан узоқ туриши кераклигини айтди, унга кўра, украиналиклар Европа Иттифоқи ва бутун дунёни унга тортмоқчи. 

Top