Ўзбекистон бўйича иш ҳафтаси учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди
Ушбу иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларида кечга томон маҳаллий хусусиятга эга бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво бироз иссиқ бўлади, кундуз кунлари ҳарорат +36...+39 даража атрофида, чўл ҳудудларда ва республика жанубида баъзи жойларда +40...+41 даражагача бўлиши кутилмоқда. Бундай ҳарорат июнь ойи иқлимий меъёридан +1-+2 даражага юқоридир.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +32...+35 даражагача, жанубда +36...+39 даражагача бироз пасайиши кутилмоқда.
Шарқий йўналишда шамол 7-12 м/с тезликда эсади, шимолда ва чўл ҳудудларда 15-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтда ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 10-12 июнда +35...+38 даража, 13-14 июнда +32...+35 даража бўлади.