22:37 / 11.06.2024
10527

Эрон президентлигига номзодлар: кимлар фаворит?

Эрондаги Конституцияни қўриқлаш кенгаши президентлик сайловларида иштирок этадиган 6 нафар номзодни тасдиқлади. Хўш, улар кимлар, қарашлари ва сиёсий портфели қанақа? Улар орасидан асосий номзодлар қайси? “Геосиёсат”да мавзунинг муҳим нуқталари юзасидан сиёсатшунослар Гули Йўлдошева ва Камолиддин Раббимов ўз фикрларини билдирди.

— Эрон президентлигига номзодлар рўйхатдан ўтиб тасдиқланиш жараёни қандай амалга оширилади?

Гули Йўлдошева: Мавзуга киришишдан олдин, аввало, Эрондаги бугунги сиёсий, иқтисодий вазият тўғрисида гапиришимиз керак. Фикримча, ҳозир Эроннинг бирдан бир вазифаси – ўзлиги ва ўзининг ислом тизимини сақлаб қолиш. Охирги юз берган минтақавий ва давлатнинг ўзидаги воқеалардан кейин Эронга нисбатан таҳдидлар жуда кўпайган. Эрон ўзи ва диндошларини ҳимоя қилиш учун ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ”ни сақлаб турибди, ҳусийларга ҳам ёрдам беряпти деган танқидларга учраяпти. Ҳозир Ғарб билан кучли оппозицияда турибди, қандайдир янги урушга кириб кетиши мумкин. Глобал кучлар бутунлай Эрондаги сиёсий тизимни йўқ қилиб юбориши таҳдиди ҳам йўқ эмас. Шунга кўра, Эрон Россия ва Хитой томонида, ШҲТ ва БРИКСга кирди. Яъни ядро дастури масаласида Ғарб билан муаммолар ҳал бўлмаса ҳам, БРИКСга аъзо бўлиш Эрон иқтисодиёти келажагини таъминлаши мумкин, катта иқтисодий уюшма бу.

Ички вазиятга келсак, иқтисодий инқироз чўзилиб кетган, ижтимоий инқироз ҳам авж олган. Эрон 19-аср охири ва 20-аср бошидан то 20-аср охиригача инглизлар тасарруфида ривожланиб турган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Эронда монополияга эга бўлган, Эрон шоҳи қўғирчоқдек бўлган. Бунга 1979 йилдаги Ислом инқилоби билан чек қўйилган.

Узоқ муддат Ғарб таъсирида бўлгани халқ онгида ўз изини қолдирган. Аҳоли икки қутбга бўлинган: консерваторлар ва ислоҳотчилар. Аммо консерваторлар ҳам ичдан бўлинади: қатъий, ўрта ва нейтрал консерваторлар бор. Ислоҳотчиларнинг позициялари анча пасайгани сабаб уларнинг ҳукуматга келиши қийин масала. Уларни асосан ёшлар, академик доиралар ва аёллар қўллайди. Охирги вақтларда ислоҳотчиларни қўлловчилар кўп бўлгани учун сўнгги сайловларнинг легитимлиги борасида танқидлар кўп бўлган.

Номзодларни рўйхатга олиш босқичидаёқ керакмас номзодларни ўчириб ташлашяпти. 80 та номзоддан 20 таси рўйхатга олинган, бир ҳафта давомида Конституцияни қўриқлаш корпуси томонидан уларнинг мафкураси, садоқати ва бошқа томонлари текширилиб, охирида 6 таси қолган.

Камолиддин Раббимов: 1979 йилги инқилобдан сўнг хокимиятга келган Хумайнийнинг олдида турган масала қандай қилиб сиёсий тизим исломий назорат асосида бўлиши керак, қандай механизмларни жорий қилиш керак, деган масала эди ва бу чуқур ўйланган. Шундан келиб чиқиб Эронда давлат институтлари иерархияси бор. Президент – имомдан кейинги ўринда турувчи, сайланадиган муҳим шахс. Халқ имомни тўғридан тўғри сайламайди. Халқ имом, мужтаҳид олимлардан иборат 88 кишилик экспертлар кенгашини 8 йилга сайлайди, улар эса ўзларининг орасидан бош имомни сайлайди.

Президент сайланиши бир неча босқичлардан иборат. Номзодлар аризани Конституцияни қўриқлаш корпусига топширади, бу Ички ишлар вазирлиги билан бирга амалга оширилади. Айтиб ўтилганидек, 80 дан ортиқ сиёсатчи президентликка номзодини қўйган, шулардан 6 таси қолди. Оятуллоҳ Хоминаий ва бошқа давлат органлари уларнинг сиёсий тизимга, консерватизм руҳиятига, диний қадриятларга мувофиқлигини текширади.

1979 йилги инқилобдан сўнг 1989 йилгача Хумайний Эронни бошқарди ва ҳозирда иккинчи имом Хоминаийнинг даври, у 35 йилдан бери давлатни бошқаряпти. Бир қанча президентлар бўлди бу даврда. Имомнинг ким президент бўлиши керак, деган тафаккури ўзгаряпти. Бир пайтлар халққа ёқадиган, популист шахслар номзоди қўйилган бўлса, кейинги даврда асосий фокус имомга қулай, мўътадил сиёсий шахсларни танлашга қаратиляпти. Масалан, Ларижоний ҳокимиятга қулай шахс аслида, лекин у қўйилмади. Аҳмадинажод икки марта президент бўлди, шунинг учун унга имкониятингни ишлатиб бўлдинг, ички-ташқи сиёсатда катта муаммолар қолдирдинг, дейилиши мумкин.

— Маҳмуд Аҳмадинажод имомларни кўп танқид қилгани учун ҳам унинг номзоди қўйилмади, дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Қисман тўғри бу ҳам. У жуда популист шахс эди. Ташқи дунё билан ҳам яхши ишларди. Бундай кучли шахларни имом бошқариши қийин. Президентлик даврида имом билан кўп тўқнашув нуқталари бўлган.

Гули Йўлдошева: 4 та аёл номзоддан биттаси қолганди, у ҳам номзодини рад этди. Чунки расмий айтилмаса ҳам, аёлларни ҳокимиятга олишмайди. Унда аниқ дастур ҳам йўқ эди. Балки демократик кўриниш бериш учун рўйхатга олишгандир уни.

Ларижоний ҳам яхши сиёсатчи, популистлиги ҳам бор. Ҳукуматга келсам, билимли кадрларни оламан, сиёсий қарашларига қарамайман, деган фикри ёқмаган бўлиши мумкин Хоминаийга.

— Тасдиқланган номзодларнинг сиёсий қарашлари ва дастурлари нималардан иборат?

Гули Йўлдошева: 6 та номзод қолди: ички ишлар ва адлия вазирлиги собиқ раҳбари Мустафо Пирмуҳаммадий, Эрон олий раҳбарининг миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий, амалдаги парламент спикери, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг собиқ раҳбари Муҳаммад Боқир Қолибоф, Теҳрон собиқ мэри Алиризо Законий, парламент аъзоси Маъсуд Пезешкиён, шаҳидлар ва фахрийлар жамғармаси раҳбари, парламент раисининг собиқ ўринбосари Амир Ҳусайн Ҳошимий.

Лекин асосий кураш 2 та ёки 3 та одам ўртасида бўлади: Жалилий, Қолибоф ва Законий. Уларнинг барчаси консерватор, Хоминаийга яқин, хавфсизлик бўйича тажрибаси бор.

Пезешкиён ислоҳотларга яқинроқ сиёсатчи, шу сабаб унинг имконияти паст деб ўйлайман. У кўп танқид қилган давлатни. Ҳошимий касби бўйича лор-хирург, давлатчилик соҳасида тажрибаси кам. Пирмуҳаммадий 80-йиллардаги “ўлим комитети”га тааллуқли шахс бўлган, шу сабаб уни халқ кечиролмайди.

— Консерватив ва ислоҳотчи кучларнинг сайлов натижаларидаги иштироки қандай кечади? Мамлакатда ислоҳот тарафдорлари ҳам талайгина.

Камолиддин Раббимов: Собиқ президент Ҳотамий сайловлар бошида фаворит бўлмаган, лекин ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатиб, президент бўлганди. Эрондаги сиёсий ўйин қоидаси шундайки, имом ва унинг атрофидаги корпус кучли филтр қилади, шундан ўтганлар сайловда қатнашади ва имкон қадар сайловлар сохталаштирилмайди. Чунки бу сиёсий инқироз, оммавий портлашга олиб келади.

Эронда норозилик потенциали кичик эмас. Ижтимоий, иқтисодий норозилик кўлами катта, шу сабаб сиёсий элита бу билан ҳазиллашмайди. Араб давлатларига қараганда Эрон – модерн давлат, сиёсий тафаккур модерн. Исломий, шиавий давлатчилик билан бирга, замонавий давлатчилик ва демократик қадриятларни англаш даражаси чуқурроқ. Гибрид сиёсий тизим бу.

Эрон амалдорларининг ярми – АҚШда ўқиган шахслар. Улар демократияни яхши тушунади. Жамият ҳам худди шундай. Агар аёл номзод қўйилса, бу эътироз номзоди бўларди ва Эрон жамияти унинг дастурига қараб эмас, аёл киши бўлгани учун, имомга қарши мухолиф сифатида овоз берарди. Элита буни яхши билади.

Барибир сайловни тўла моделлаштириб бўлмайди, кутилмаган ҳолатлар бўлиши мумкин. Жамият реформатор деб билган шахсига овоз бериши эҳтимоли катта, бундай шахс биринчи иккиталик ё учталикка киради.

Гули Йўлдошева: Ижтимоий-иқтисодий инқироз юқори. 2000-йилларда АҚШда бир эронлик талаба айтгандики, ҳар йили АҚШнинг ўзига 5 мингта талаба боради. Билим алмашинуви кучли. Улар Ғарбдан фақат билим эмас, маданият ҳам олиб келади, ҳозирги Эрон маданияти ўзгарган, инқилоб давридагидек эмас. Аёллар ҳам ҳижобда бўлгани билан замонавий фикрлайди. Таълим, фан ривожланган Эронда, санкциялар остида яшашга мослашган.

Лекин инфляция қарийб 40 фоиз, ишсизлик 7,6 фоиз (10 гача кўтарилиши мумкин). Халққа иқтисодиёт муҳим, шуни тўғриламагунча ҳеч бир номзод узоқ туролмайди ҳокимиятда. Шу сабаб кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин, Камолиддин Раббимов айтгандай. Лекин барибир консерваторлар лагери кучли.

— Сайловда консерваторлар ғалаба қозониш эҳтимоли юқори десак, Жалилий ёки Қолибоф – булардан қай бирининг имконияти юқори ва нега?

Гули Йўлдошева: Қолибофнинг имконияти кўп деб ўйлайман. Лекин Жалилий сайлов кампаниясида танқидий материаллар билан чиқишлар қиляпти. Агар Қолибоф шунга қарши туролса, ғалаба қилиши мумкин.

Қолибофнинг тажрибаси катта, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг генерали бўлган. Законий ҳам шу корпусда ишлаган, шу сабаб баъзилар Законийни ҳам асосий курашга қўшяпти. Қолибофнинг имконияти катта барибир, чунки Жалилий Хоминаийга қанчалик яқин бўлса ҳам, унинг Пайдарий партияси билан алоқаларини Хоминаий ёқтирмайди. Қолибофнинг сиёсий қарашлари кенг тарқалган ОАВларда. Бундан ташқари, у Раисий сиёсатини давом эттирмоқчи. Жалилийга қараганда юмшоқроқ Қолибоф, ўта консерватор эмас. Шу сабаб халқ ҳам уни қўллаши мумкин.

— Янги президентликка номзодлардан қайси бири Эроннинг ташқи сиёсатида сезиларли ўзгариш қилишга уринади ва АҚШ каби катта ўйинчилар билан муносабатларга қандай таъсир қилади? Минтақавий прокси гуруҳлар билан муносабатлар ҳам бор.

Камолиддин Раббимов: Президент Эрондаги иккинчи муҳим шахс. Унинг имомга, сиёсий элитага таъсир қилиш имконияти катта. Давлатнинг асосий бошқарувчиси имом, лекин президент ижрочи ҳисобланади. Имомнинг олдига маълумот олиб кириш, дунёқарашига таъсир қилиш имконияти бор президентда. Марказда имом турса ҳам, унга таъсир қилувчилар бўлади.

Ташқи сиёсатни белгилаш имомнинг ваколати, лекин президент асосий ижрочи. Эрон тарихида имом ва президент ўртасида зиддиятлар бўлган ташқи-ички сиёсат, иқтисод ва бошқа масалаларда. Имом ҳокимиятда анча ўтиргани сабаб сиёсий тизим барқарорлигини ўйлаб, тафаккурида табиий консерватизм бўлади. Лекин президент кундалик ижтимоий, иқтисодий, сиёсий масалаларни ечиш ҳаракатида бўлади. Шу сабаб президент ҳам муҳим шахс ҳисобланади.

Гули Йўлдошева: Барча номзодлар ўзини Раисий давомчиси сифатида кўрсатяпти. Фикримча, Яқин Шарқдаги муаммо цивилизацион муаммога айланяпти. Шу сабаб исломий тизимни ёқтирмаган халқ ҳам қўллаши мумкин ва тажрибалироқ номзодга имконият беришади.

Ўтмишда Хоманаий АҚШ билан тил топишишга ҳаракат қилган яширинча музокаралар орқали. Эрон Фаластин можаросидан кейин ҳам очиқ урушга кирмаган, прагматик ёндашиб ўзини тийиб турган. АҚШ билан тил топишиш Фаластин муаммоси ечилишига боғлиқ, лекин яқин орада ечиладиган муаммо эмас. Шу сабаб ШҲТ ва БРИКСда позициясини кучайтириш сиёсатида давом этади. Бундан ташқари, Форс кўрфазини Марказий Осиё билан яқинлаштириш масаласи ҳам бор. Қолибоф Туркия билан бўлиш тарафдори, жамиятда ҳам Туркия билан яқинлашиш тарафдорлари кўп. Қолибоф ислом бирлиги, Марказий Осиёни ҳам қамраб олувчи минтақавий хавфсизлик тизимини яратиш тарафдори. Эронда шиа ва сунний муаммоси йўқ деб ҳисоблашади. Сиа ва сунний ўртасидаги инқирозни кучайтириш тарафдори эмас, бу нарса минтақавий иқтисодиёт хавфсизлигига тақалади. Саудия билан ҳам яқинлашяпти муносабатлар, Марказий Осиё билан ҳам яқинлашиб Форс кўрфази ва МОни умумий иқтисодий маконда кўришмоқчи. Шу сиёсат тарафдори улар.

— Бу номзодларнинг дастури ёки сайланиши МОга таъсири қандай?

Камолиддин Раббимов: Эрон олдида бир қанча глобал вазифалар турибди. 2023 йилда Эрон ва Саудия Пекинда ярашди Хитой воситачилигида. Эроннинг иккинчи савдо ҳамкори ҳам айнан Саудия, йиллик товар айирбошлаш 25-30 млрд доллар. Эрон минтақадаги давлатлар билан яқинлашиш кераклигини билади, бу Раисийнинг эмас, балки Эрон сиёсий элитаси тафаккури ва глобал контекстда шаклланган муносабат. Ўзбекистон билан шундай муносабатлар давом этяпти. Эрон билан алоқалар анча ижобийлашди, 2016 йилга қадар ўзаро муносабатларимизда яширин, аммо кучли совуқлик бор эди. Бугунги ижобий муносабатлар асосида геоиқтисод ётади Ўзбекистон тафаккурида, Эронда ҳам шундай тафаккур бор. Ким президент бўлса ҳам, муносабатларни ижобийлаштириш Эроннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам, минтақанинг ҳам манфаатларига тўғри келади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Top