10:17 / 11.06.2024
1922

Орбаннинг партияси Европа сайловларида энг ёмон натижани қайд этди

Европарламентга сайловларда Венгриядаги ҳукмрон ФИДЕС партияси 44,6 фоиз овоз олди. 2009 йилдан бери унинг натижалари 50 фоиздан ошаётганди. Сайловчиларнинг деярли 30 фоизи сиёсатга янги кириб келган Петер Мадярни қўллаб-қувватлади.

Фото: Marton Monus / Reuters

Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ФИДЕС партияси мамлакат энг йирик сиёсий кучи бўлиб қолишига қарамай, Европа парламенти сайловларида энг ёмон натижани кўрсатди. 10 июн, душанба куни Будапештдаги сайлов комиссияси деярли барча овозларни санаб бўлганидан сўнг, сайловчиларнинг 44,6 фоизи ўнг қанот популистик ҳукмрон партияга овоз бергани маълум бўлди. 

Шу тариқа, ФИДЕС Европарламентга ҳозирги 13 депутат ўрнига 11 нафар депутатни юбориши мумкин бўлади. 2009 йилдан буён ўтган учта Европа сайловларида у 50 фоиздан ортиқ овоз олиб келганди. 

Сиёсатга янги кириб келган Мадяр деярли 30 фоиз олди 

Айни пайтда, Орбан партиясининг ўтган сайловлардаги асосий рақиби – Петер Мадяр бошчилигидаги янги консерватив «Ҳурмат ва эркинлик» (TISZA) партияси 29,7 фоиз овоз олиб, Европа парламентида 7 та мандатга эга бўлади. Венгриядан яна 2 та мандат сайловчиларнинг 8,1 фоиз овозини олган социал-демократик алянсга берилади. Бир мандат ўта ўнгчи «Бизнинг ватан» партиясига берилади, уни сайловчиларнинг 6,8 фоизи қўллаб-қувватлади. 

43 ёшли адвокат Петер Мадяр аввалроқ собиқ адлия вазири Юдит Варгега уйланган ҳамда давлат компаниялари ва муассасаларида турли лавозимларда ишлаган. 2024 йил бошида у жамоатчиликка деярли номаълум эди, аммо феврал ойида Орбан тизимидан воз кечганини очиқ эълон қилди ва сўнгги ойларда ҳукуматга қарши бир нечта йирик митинглар ўтказиб, миллий эътирофга сазовор бўлди. У Венгрияни 2010 йилдан бери бошқариб келаётган ФИДЕС ва унинг раҳбари Орбан бошқарувига барҳам бериш ниятида. 

Европарламентга сайловлар натижалари 

Европарламентга сайловларда ўнг марказчи партиялар алянси, Европа халқ партияси (ЕХП) ғалаба қозонди. ЕХП парламентдаги 720 ўриндан 189 тасини аниқ қўлга киритди. Таққослаш учун: жорий чақириқ Европа парламентида бу алянс 176 мандатга эга. Иккинчи ўринда социал-демократик кучлар турибди. Улар 135 та мандат оляпти (ҳозиргача улар 139 мандатга эга эди). Учинчи натижа 83 ўринга эга бўлган «Европани янгилаш» либерал фракциясида. Бу 2019 йилги Европа парламенти сайловлари натижаларидан 19 тага кам. 

«Яшиллар»/Европа эркин иттифоқи йирик мағлубиятга учради. Шу пайтгача улар Европа парламентида 72 ўринга эга эди. Бироқ жорий сайловларнинг дастлабки расмий натижаларига кўра, улар бор-йўғи 53 мандатни сақлаб қолиши мумкин. Гарчи ўнг қанот популистик партиялар, жумладан, «Германия учун муқобил» 2019 йилга нисбатан ўз натижаларини сезиларли даражада яхшилаган бўлса-да, кучли Брюссел сиёсати тарафдорлари лагери катта бўлиб қолмоқда. Dpa агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Европарламентга кирган барча ўнг қанот партиялар бирлашган тақдирда ҳам уларнинг вакиллари жами 200 дан ортиқ мандат ололмайди. Европарламентдаги кўпчилик учун 361 ўрин керак. 

Top