Жаҳон | 22:47 / 14.04.2026
1273
6 дақиқада ўқилади

Орбан ютқазди. Трамп, Путин ва Нетаняҳунинг қўлловига қарамай

Азизлар, дунё сиёсатида тарихий воқеа содир бўлди. Виктор Орбан Россия, Америка ва Исроил қўлловига эга бўлатуриб сайловни ютқазган илк сиёсатчига айланди.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс америкалик солиқ тўловчилар пулига сотиб олинган бир нечта самолётни овора қилиб сайлов арафасида Венгрияга борди. «Биз Виктор Орбан ва унинг партиясини қўллаймиз», деди. Трамп «Орбанни яхши кўришини» айтди. Америка қайсидир номзодни сайловда бунақа даражада қўллаши янгилик.

Вашингтон кимнидир сайлов олдидан қўллаб чиқдими, демак мамлакат сиёсатчилари, разведкаси, хуллас ҳолатдан хабардор чиновниклар сайловда ўша томон ғалаба қозонади деб хулоса берган бўлади. Америкадай давлатлар ҳеч қачон мағлубларни қўлламайди. Лекин можарлар Трамп қўллаган Орбаннинг партиясига эмас, Петер Мадяр бошчилик мухолиф партияга овоз беришди. Мағлубни қўллаган Жей Ди Вэнс ва Доналд Трампга қандай таъриф беришни ўзингизга ҳавола қиламиз.

Уруш бошлангач Венгрия Россиянинг Европадаги энг асосий иттифоқчисига айланди. Россияга қарши санкциялар, Украинага ёрдам пакетларини айнан улар тўсиб келди. Орбан Европа минбарларида очиқчасига Россия манфаати учун ҳаракат қилди. Ҳатто иттифоқдагилар Орбан бор мажлисларда бемалол гаплаша олишмаган, чунки унинг одамлари тафсилотларни оқизмай-томизмай Россияга етказиб турган.

Яқинда тарқалиб кетган Петер Сийярто ва Сергей Лавров ўртасидаги телефон суҳбати кўп нарсадан дарак беради. Айтганча, катта эҳтимол европаликлар ўша икки йил олдинги суҳбатни бежизга сайлов арафасида сиздиришмади. Кўзингиз тушган бўлса керак, можарлар Орбан партияси сайловда енгилганидан кейин кўчаларда «ruszkik haza» деб бақириб юришди. Можарчада бу «руслар, уйингизга» дегани. 1956 йил Венгрияда содир бўлган тарихий инқилобнинг шиори айнан шундай бўлган. Бу анти Россияча шиор эмас, революция вақти совет ҳукуматига, ҳозир эса Путин ҳукуматининг Венгрияга таъсирига қарши айтилган шиор. Виктор Орбан мағлубиятининг асосий сабаби айнан унинг Россия билан фавқулодда илиқ муносабатлари бўлди.

Энди Исроил қўллови ҳақида. Албатта, Исроил сайлов олдидан Орбанни қўллаб, ҳукумат аъзоларидан ҳеч кимни Будапештга юборгани йўқ (барибир яҳудийларнинг разведкаси яхши ишлайди). Бироқ Орбан Нетаняҳу билан жуда илиқ муносабатда бўлгани бор гап. Венгрия бош вазири айнан Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин Халқаро жиноят суди талабларини бажаришни мажбурловчи Рим статутидан чиқиб кетганди. Чунки бу келишувга рози бўлган давлатлар Нетаняҳуни уруш жиноятида айбдор сифатида ҳибсга олиши керак эди. Орбан буни аҳмоқлик деб атаган, унинг таклифи билан Нетаняҳу Будапештга борганди. Сайловдан кейин ҳам Нетаняҳу Орбанни «Исроилнинг ҳақиқий дўсти» деб атади.

Венгрия Европадаги энг кўп яҳудийлар яшайдиган давлатлардан бири. Шу сабаб бу давлатнинг Исроил билан яқин муносабатини тушуниш мумкин. Айтганча, бўлажак бош вазир Мадяр Венгрияни Халқаро жиноят суди бўйича келишувга қайтаришини айтди. Шунингдек, мамлакатда антисемитизмга йўл қўйилмаслиги баробарида Исроилни ҳар қандай ҳолатда қўллаш принципини қайта кўриб чиқишини таъкидлади.

Айнан Орбан ютқазди

Венгриядаги сайловни бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатишди. Марказий Европадаги Венгрия дунё сиёсати ёки иқтисоди учун фавқулодда муҳим давлат эмас. Бу давлатни ким бошқариши амалда дунёда ҳеч нимани ўзгартирмайди. Кўпчилик бу давлат ҳақида етарли тушунчага ҳам эга эмас, чунки можарлар ҳеч кимга ўхшамайдиган миллат.

Бу сайловни бутун дунёда Венгриянинг кейинги раҳбари ким бўлади, «парламентда қайси партия конституцион кўпчиликка эга бўлади: «Фидес»ми ёки «Тиса»ми, деб эмас, Орбан ютадими ёки ютқазадими, деб кузатишди. Дунё сиёсати учун Венгрия бош вазири кимлиги умуман қизиқ эмас, лекин Украина учун ажратилган ёрдам пакетларини блоклайдиган, Трампнинг ёқимтойи, Путин билан қалин Орбан бундан кейин ҳам шунақа кучга эга бўлиш-бўлмаслиги – муҳим.

Кўпчилик Орбан давлатни 16 йилдан бери бошқариб келаётганини ҳам билмайди, чунки бу фамилияни Украинада уруш бошлангачгина тез-тез эшитадиган бўлиб қолишди. Шундай экан, Венгриядаги сайловлар ташқи дунё учун шундай маъно ифодалайди: Виктор Орбан ютқазди, энди унда Европа Иттифоқида Россиянинг тарафини оладиган, Трампнинг шахсан қўлловига эга бўлиб ҳаракат қиладиган куч йўқ.

Трамп бежизга сайлов арафасида ҳукуматдаги иккинчи одам Жей Ди Вэнсни ишдан қолдириб Будапештга, Орбанни қўллагани юбормади. Орбан Трамп ғояларига мос тушадиган Европа Иттифоқидаги ягона лидер эди. Бутун Европа Трампга қарши бораётган, унинг Эронда бошлаган урушини қоралаётган вақтда Орбан Трампни мақташдан чарчамади ва эвазига бутун бошли Америка вице-президентининг ташрифидек улкан қўллов олди. Лекин барибир енгилди. Футбол тилида айтганда – ҳакам ёрдам берган ўйинни ҳам ютолмади.

Бу сайлов амалда Трампчилик ва озод Европа ўртасидаги курашга айланиб кетди, мана шу эди асосий интрига! Шу сабаб Орбаннинг мағлубиятини Европада хурсандчилик билан қаршилашди. Трамп бугун бир давлатда кимнидир қўллаб ҳукуматда олиб қололса, эртага бошқа Европа давлатида ҳукуматни ўзгартиришга интилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмасди. Можарлар қайсидир маънода «биринчи домино қулашини» тўхтатиб қолишди. Бу учун Европа улардан миннатдор бўлса арзийди.

Орбаннинг мағлубияти Трампчилар учун кучли зарба бўлди, бу мағлубият бошқа мағлубиятлар дебочаси бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушишди. Ва бу сайловнинг ҳақиқий ғолиблари Венгрияда демократик жамият қура олган венгер халқидир. Россия ва Америка бир одамни қўллаши ҳам уларнинг фикрини ўзгартира олмади. Яшасин демократик жамиятлар...

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид