Жаҳон | 21:18 / 14.04.2026
3013
6 дақиқада ўқилади

“Виктор Орбан Евроиттифоқ ичидаги энг катта чайқовчи эди” — сиёсатшунос

“Евроиттифоқ етакчилари ҳаммаси хурсанд: худога шукр, Венгрия ўзимизга қайтди, дейишяпти. Сайлов ўтиши биланоқ Будапештнинг Украинага ёрдам масаласидаги позицияси дарҳол ўзгарди”, дейди Камолиддин Раббимов. Фарҳод Каримовнинг қайд этишича, ташқи сиёсий вектор ўзгариши аниқ, лекин Орбаннинг 16 йиллик ҳокимиятидан кейин бошқарув бир зумда ўзгариб қолишини кутиш ярамайди.

Венгрияда 16 йил ҳокимиятда бўлган Виктор Орбан сайловларда мағлубиятга учради ва мухолифат етакчиси Петер Мадяр ғалаба қозонди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида иштирок этган сиёсатшуносларга кўра, у Орбан давридаги ташқи сиёсатдан аста-секин узоқлашиши кутилмоқда. Мадяр у Евроиттифоқ билан яқинлашади, шу билан бирга, Россия билан иқтисодий манфаатли алоқалар ҳам трансформацияга учрайди.

Янги етакчи Украина учун молиявий ёрдамни блокламаслигини эълон қилиб улгурди.

Орбан қурган тизимни ўзгартириш тез бўлмайди, бунинг учун ҳатто референдумлар талаб этилиши мумкин”

Фарҳод Каримов:

Петер Мадяр сайловолди чиқишлари ва дастурида сайловчилар эътиборини асосан Виктор Орбан олиб борган ички ва ташқи сиёсатни танқид қилиш орқали қозонди. Айнан шу танқидий ёндашув унга сайловда ғалаба келтирди. Шундай экан, у келгусида ҳам шу йўналишни давом эттириши кутилади.

Венгрияда ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар бўлиши мумкин, бироқ бу жараён тез кечмайди. Сабаби – Орбан 16 йил давомида давлат тизимини анча мустаҳкамлаб улгурган. Уни ўзгартириш учун конституцион ислоҳотлар, ҳатто референдумлар талаб этилиши мумкин. Шунингдек, Орбан шакллантирган бошқарув шакли, кадрлар тизими, ҳарбий ва молиявий институтлар ҳануз ўз таъсирини сақлаб қолади.

Шу боис Мадяр ҳокимиятга келиши билан бу тизимни қисқа муддатда тубдан ўзгартира олмайди. Аммо сиёсий позицияларда маълум ўзгаришлар кузатилади. Хусусан, Европа Иттифоқи билан яқинлашув, Украина масаласида мувозанатлироқ ёндашув ҳамда молиявий мажбуриятлар бўйича позициянинг қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли мавжуд.

Мадяр сайловолди чиқишларида айнан шу йўналишни бир неча бор таъкидлаб, Венгрия сиёсатини Ғарб томон буришга интилишини билдирган эди. Бироқ бу ўзгаришлар бирданига юз бермайди, бунинг учун камида бир неча йил талаб этилади.

Агар шу вақт оралиғида Украина можароси ҳал этилса, Венгриянинг Россия билан иқтисодий ҳамкорлиги сақланиб қолиши мумкин. Чунки бу алоқалар нафақат сиёсий, балки иқтисодий манфаатларга ҳам асосланган. Шундай бўлса-да, умумий ташқи сиёсий йўналиш босқичма-босқич Ғарб томон силжиши кутилади.

“Сайловчилар янгиланиш тарафдори бўлиб чиқди”

Камолиддин Раббимов:

Виктор Орбан узоқ вақт давомида Европа Иттифоқи ичидаги энг катта чайқовчи эди. У кўпинча умумий қарорларни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилиб, ўз манфаатларини илгари суриб келган.

Орбан ташқи сиёсатда мувозанатли, лекин манфаатдор йўл тутди. Хусусан, Владимир Путин билан яқин алоқаларни сақлаб, Россиядан газ ва нефтни арзон нархларда олишга эришди. Шу сабабли Венгрия узоқ вақт давомида бошқа Европа давлатларига нисбатан арзон энергия ресурсларига эга чиқди, бу мамлакат иқтисодиётига сезиларли фойда келтирди.

Эндиликда эса Петер Мадяр ҳокимиятга келиши билан бу сиёсий йўналиш тубдан ўзгариши кутилмоқда. Агар Орбан даврида сиёсат бир томондан Доналд Трамп, иккинчи томондан Путин томон мувозанатланган бўлса, Мадяр даврида асосий эътибор Брюсселга қаратилади. Бу бежиз эмас – Мадяр Европа институтларида ишлаган ва Европа бюрократик тизимини яхши билади.

Бугунги кунда Европа Иттифоқи раҳбарлари Венгриядаги сайлов натижасидан хурсанд. “Худога шукр, Венгрияга ўзимизга қайтди”, дейишяпти.

Орбан даврида Венгрия ЕИдаги кўплаб ташаббусларга, жумладан, Украинага ажратиладиган катта миқдордаги молиявий ёрдамга қарши чиқиб келган эди. Масалан, миллиардлаб евролик ёрдам пакетлари бўйича Будапешт узоқ вақт давомида “бир тийин ҳам бермаймиз” деган позицияда турди. Бироқ сайловлардан сўнг Мадяр бу масалада кескин бурилиш ясаб, Украинага молиявий ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу Венгрия ташқи сиёсатида жиддий ўзгариш бошланганини англатади.

Венгрия – парламентар бошқарувга асосланган давлат. Парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритган партия ҳукуматни шакллантиради. Мадяр етакчилигидаги сиёсий куч парламентда мутлақ устунликка эришди, бу – нафақат ҳукуматни барқарор бошқариш, балки зарурат туғилганда конституциявий ўзгаришлар киритиш имконини ҳам беради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Орбаннинг асосий сиёсий аргументларидан бири – Украина масаласи эди. У доим бу мавзуни ички сиёсатда олабўжи қилиб кўрсатиб келган. Бироқ вақт ўтиши билан бу риторика самарасини йўқота бошлади ва жамиятда чарчоқ кайфияти юзага келди. Натижада сайловчилар янгиланиш тарафдори бўлиб чиқди.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид