Жаҳон | 14:06 / 13.06.2024
2315
2 дақиқада ўқилади

Макрон парламент сайловлари олдидан ўз лагерига иттифоқчилар қидирмоқда

Июн ойи охирида Францияда муддатидан олдин парламент сайловлари бошланади. Эммануэл Макрон мўътадил кучлар ўта ўнг ва ўта сўлларнинг ҳокимият тепасига келиши олдини олиш учун бирлашади, деб умид қилмоқда.

Фото: Best Image / Backgrid / Vida Press

Франция президенти Эммануэл Макрон муддатидан олдин парламент сайловлари арафасида социал-демократлар, консерваторлар ва «яшиллар»ни бўлажак ҳукуматни шакллантириш учун ўзининг марказлашган лагери билан бирлашишга чақирди. «Ўнг ва сўлларга алоқадор бўлмаганлар билан ҳамкорлик қилиш истаги бор. Мен ҳозир сиёсий ҳаётни шундай қайта шакллантиришга қатъият билан чақираман», деди у 12 июн, чоршанба куни Париждаги матбуот анжуманида.

«Ишончим комилки, социал-демократлар, радикаллар, экологлар, христиан демократлар, голлистлар ва бошқа кўплаб ватандошларимиз ва сиёсатчилар экстремистик иситмага берилмаган ҳамда ҳозирги кўпчилик атрофида етарлича аниқ ўқни шакллантиришга қодир. Мамлакатни бошқариш учун ушбу йирик сиёсий ўйинчилар керак», деди Макрон. 

Сўл ва ўнг радикализм таҳдиди 

Президент, 9 июн куни кутилмаганда Миллий йиғилиш тарқатиб юборилганидан сўнг, ўта сўл ва ўта ўнгдаги лагерлар таҳдиди ҳақида огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, бу блоклар ҳеч бир муҳим масала бўйича якдилликка эга эмас ва ҳукмрон кўпчиликни шакллантира олмайди.

«Мен бугун президентлик кўпчилигини ташкил этувчи сиёсий кучларгина ўйланган, реал ва келажакка йўналтирилган ҳукумат лойиҳасини олға сура олишига қатъий ишонаман», деди Макрон. 

Франция президенти 9 июн оқшомида Европа парламентига бўлиб ўтган сайловларда либерал кучларнинг мағлубияти ва ўнг қанот миллатчиларнинг ишончли ғалабасига жавобан Миллий йиғилишни тарқатиб юборди ҳамда 30 июн ва 7 июлга навбатдан ташқари парламент сайловларини белгилади. Макроннинг президентлик ваколати фақат 2027 йилда тугайди.

Мавзуга оид