Жамият | 23:07 / 13.06.2024
15960
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги тўйда йўл талашиб, автомобилларга шикаст етказган ҳайдовчилар қамалди

Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳри суди 13 нафар иштирокчига тааллуқли маъмурий ишни кўриб чиқди. 

Қорақалпоғистонда тўй кортежида йўл талашиб, бир-бирининг автомобилига қасддан шикаст етказган ҳайдовчиларга жазо тайинланди. Бундай қонунбузарликни содир қилган 13 нафар шахснинг ҳар бири 15 суткага қамалди. Уларнинг орасида тўй эгаси ҳам бор. 

Қайд қилинишича, 12 июн куни Кегейли туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган А.Н. никоҳ тўйида 9 та машина Нукус шаҳридан Кегейли туманига қараб кортеж бўлиб ҳаракатланган. 

Тўй эгаси ўзи ўтирган машина орқасидан биринчи бўлиб етиб борган ҳайдовчига 200 АҚШ доллар беришини ваъда қилган. Шундан сўнг, ҳайдовчилар кимўзарга ҳаракатланиб, йўл талашиб, бир-бири билан қасддан тўқнашган. 

13 июн куни Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳри суди 13 нафар иштирокчига тааллуқли маъмурий ишни кўриб чиқди. Улар «ахлоқ-одоб меъёрларини менсимаслик, жамоат тартибини бузганликда» айбланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) кўра 15 суткага қамалди. Жазоланганлар орасида тўй эгаси ҳам борлиги таъкидланмоқда. 

Шунингдек, тўй сайлида иштирок этган 9 та машина жарима майдонига қўйилиб, ҳайдовчиларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Мавзуга оид