Жамият | 21:53 / 29.01.2026
1546
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда чет элликка нос чектирмоқчи бўлган йигит жазоланди

Йигит чет элликка нос чектирмоқчи бўлди, сўкди ва уриш билан таҳдид қилди. Суд унга маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида бир йигит хорижлик фуқарога нос чекишни таклиф қилаётгани акс этган видео тарқалди. Унда йигит чет элликка нос чектирмоқчи бўлади, сўкади ва уриш билан таҳдид қилади.

«Чекасан! Ҳозир ураман. Сенга Ўзбекистон бедарвозами? Носни чек», дейди йигит видеода.

Тошкент шаҳри ИИББ томонидан ўтказилган текширув жараёнида воқеа 25 январ куни Чилонзор туманидаги истироҳат боғларининг бирида содир бўлгани аниқланган.

«20 ёшли М.К. чет эл фуқаросига нос тамаки маҳсулотини чекишни таклиф қилган ҳолда уятли сўзлар билан сўкиниб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган», дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарга кўра, суд унга 5 кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид