15:38 / 13.06.2024
2346

ЕИ суди Венгрияни муҳожирларга бўлган муносабати учун жаримага тортди

Будапешт Европа Иттифоқининг бошпана бериш қоидаларига риоя қилмагани ва Европа Иттифоқи судининг 2020 йил декабрдаги қарорига бўйсунмагани учун 200 миллион евро тўлаши керак.

Фото: Darko Vojinovic/dpa/AP/picture alliance

Европа Иттифоқининг Люксембургдаги суди Будапештнинг бошпана изловчиларга нисбатан сиёсати туфайли Венгрияга нисбатан молиявий санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 13 июн, пайшанба куни эрталаб суд сайтида эълон қилинган қарорда айтилган.

Ҳужжатда айтилишича, Венгрия Европа Иттифоқининг бошпана бериш бўйича умумий қоидаларига амал қилмагани учун мамлакат 200 миллион евро жарима тўлаши керак. Бундан ташқари, 13 июндан бошлаб Будапештдан Европа Иттифоқи судининг 2020 йил декабрдаги қарорини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун кунига бир миллион евро ундирилиши лозим.

Бунда, гап Европа комиссиясининг Венгрия ноқонуний муҳожирларни зарур ҳуқуқий ҳимоя билан таъминламасдан туриб Сербия ҳудудига қайтариб юбораётгани ёки «транзит зоналари» деб аталган ҳудудларда сақлаётганига оид шикояти юзасидан Евроиттифоқ судининг қарори ҳақида кетяпти. Шу билан бирга, мигрантларга бошпана сўраш ҳуқуқи берилмайди, дея таъкидлади Еврокомиссия Будапештга жарима солишни талаб қилиб.

«Европа комиссиясининг фикрича, Венгрия 2020 йилги қарорга ҳали ҳам амал қилмади (бу қарорга қадар ёпилган транзит зоналари бундан мустасно) ва шунинг учун молиявий санкциялар қўллаш мақсадида янги ҳуқуқбузарлик бўйича даъво билан мурожаат қилди», - деб эслатади Европа Иттифоқи суди 13 июн куни. 

Суд қарорига кўра, Будапештнинг бошпана сиёсати шафқатсиз ва «Европа Иттифоқи қонунларининг мутлақо янги ва ўта жиддий бузилиши» бўлиб, бу ҳам хусусий шахсларга, хусусан, бошпана изловчиларга, ҳам жамоат манфаатларига таъсир қилади. Судяларга кўра, Венгрия қочқинлар учун жавобгарликни, шу жумладан молиявий жиҳатдан бошқа Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтказади. Бу эса «бирдамликнинг асосий тамойилига жиддий таҳдид солади». 

Top