10:01 / 14.06.2024
4967

Лукашенконинг уруш ҳақидаги сўзларидан кейин Ереван Минскдаги элчисини чақириб олди

Арманистоннинг Беларусдаги элчиси Размик Хумарян маслаҳатлар учун Ереванга чақирилди, дея хабар бермоқда Арманистон ТИВ Telegram-канали. Аввалроқ Лукашенко Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғ учун урушини «озод қилиш» деб атаган эди.

Фото: AP

«Арманистон Республикасининг Беларусдаги элчиси (Размик Хумарян) Ереванга маслаҳатлашувлар учун чақирилди», деди вазирлик матбуот котиби Ани Бадалян 13 июн, пайшанба куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Telegram-каналида. Арман оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бир кун аввал мамлакат бош вазири Никол Пашинян Александр Лукашенко раҳбар бўлган пайтда ўзи ҳам, Арманистон Республикасининг бошқа расмий вакили ҳам Беларусга бормаслигини айтган

Пашинян ўз қарорига сабаб сифатида Лукашенконинг Ереван ва Боку ўртасидаги ҳарбий можаро ҳақидаги сўнгги баёнотини келтирди, унинг натижасида Озарбойжон бутун Тоғли Қорабоғ устидан назоратни ўз қўлига олди. Май ойи ўрталарида Бокуга қилган ташрифи чоғида Лукашенко минтақа учун урушни «озод қилиш» деб атаган ва унинг натижасини у бошланишидан олдин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилгани ҳақида гапирган эди. «Биз бирга кечки овқатда фалсафий тарзда суҳбатлашдик, бу ғалабани сақлаб қолиш жуда муҳим, деган хулосага келдик», деган ўшанда у. 

Арманистон бош вазири, шунингдек, айнан Лукашенконинг Тоғли Қорабоғдаги уруш бўйича позицияси Ереваннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиқиш эҳтимоли бўйича қарорига таъсир қилганига аниқлик киритди. Март ойида Арманистон ушбу ташкилотдаги аъзолигини амалда тўхтатди, май бошида эса Ереван КХШТ фаолиятини молиялаштиришни тўхтатаётганини эълон қилди.

Баёнотлар Арманистондаги оммавий норозилик намойишлари фонида янграяпти

Бир кун аввал Ереванда полиция Арманистон парламенти яқинидаги намойишни тарқатиб юборди. Митингда 100 га яқин одам қўлга олинган, деб ёзади маҳаллий ОАВ мамлакат ТИВ маълумотларига таяниб. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, яна 100 нафар тинч аҳоли ва полиция ходимлари тиббий ёрдам сўраган.

Никол Пашинян митинг вақтида Арманистон парламентида нутқ сўзлади. Намойишчилардан бири, «Тавуш ватан учун» ҳаракати раҳбари, Арман апостол черковининг Тавуш епархияси раҳбари Баграт Галстанян намойишчиларни бош вазир чиқиб кетмаслиги учун парламентга киришни тўсиб қўйишга чақирди.

Арманистон пойтахти Ереванда иштирокчилари мамлакат бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилаётган намойишлар бир ойдан буён давом этмоқда. Бунга Озарбойжон билан чегарани делимитация қилиш қарори сабаб бўлди, бунинг натижасида Ереван тўрт қишлоқни Бокуга қайтарди. Ереван расмийлари делимитация Арманистонга хавфни камайтиришга имкон беришини айтди. Бироқ, мухолифат бу ҳаракатларни ҳудудий ён босиш деб ҳисоблади. 

Тоғли Қорабоғдан аҳолининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи чиқиб кетди

19 сентябр куни Озарбойжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий операция бошлади. Орадан бир кун ўтиб, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳукумати қаршиликни тўхтатаётганини эълон қилди. ТҚР раҳбарияти 28 сентябрда республика 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қилди. 

Умуман олганда, Ереван маълумотларига кўра, Тоғли Қорабоғдан тан олинмаган республика аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғини ташкил этувчи 100 мингдан ортиқ арман чиқиб кетган. 

Top