23:54 / 14.06.2024
3592

Евро-2024’да порлаши кутилаётган 10 футболчи

Йирик халқаро турнирлар доимо янги юлдузларни тақдим этади. Евро-2024 ҳам истисно бўлиши даргумон. Қуйида Германиядаги турнирда ўзини кўрсатиши кутилаётган 10 футболчи ҳақида.

Флориан Вирц (Германия миллий жамоаси, 21 ёш)

Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

Вирц — чемпион «Байер» етакчиларидан бири бўлди. Аммо Германия миллий жамоасида Флориан ҳозирча порлагани йўқ. У 2022 йилги жаҳон чемпионатини хочсимон пайларидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборганди. Германия мезбон бўлгани учун Евро-2024 саралашидан озод этилганди ва фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди. Вирц миллий жамоада ҳали бирор марта бутун 90 дақиқа давомида майдонда бўлмаган. У 13 ўйинда жами 3 (1+2) самарали ҳаракат ижро этган. Европа чемпионатида Флориан Германиянинг асосий таркибидан ўрин олиши аниқ. Бу унинг учун жамоага уйдаги турнирда ғалаба қозонишга ёрдам бериш ва Европа футболи суперюлдузи мақомини узил-кесил мустаҳкамлаш учун ажойиб имконият.

Жанлука Скамакка (Италия миллий жамоаси, 25 ёш)

Фото: FRANCESCO PECORARO/GETTY IMAGES

2023/2024 йиллар мавсуми — Скамакканинг фаолиятидаги энг яхшиси бўлди. У «Аталанта» сафидаги 44 учрашувда 19 гол урди ва саккизта ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Жанлука бергамоликлар билан бирга клуб тарихидаги илк еврокубок - Европа Лигаси совринини қўлга киритди, Чемпионлар лигасига йўлланма олди ва Италия Кубоги финалигача етиб борди. Ушбу форвард Италия миллий жамоаси сафида 2021 йилдаёқ дебют қилганди, аммо ҳозирга қадар чинакамига очилиб кета олмади. Евро-2024 турнирида Скамакка италияликларнинг асосий форварди бўлади. У бу сафарги турнирда Европа чемпионлигини ҳимоя қилиши ва катта ўйинчига айланиши керак бўлади. Бунинг учун Жанлукада барча керакли хусусиятлар мавжуд.

Арда Гулер (Туркия миллий жамоаси, 19 ёш)

Фото: ROBBIE JAY BARRATT/GETTY IMAGES

Гулер — янги авлоднинг истеъдодли вакилларидан бири. 19 ёшли футболчи 2023 йил ёзида Мадриднинг «Реал» клуби аъзосига айланганди. Аммо ҳозирча Арданинг Испаниядаги фаолияти бир текисда кечмаяпти: бунга жамоадаги катта рақобат ҳамда жароҳатлар таъсир кўрсатди. Карло Анчелотти мавсум охирида, чемпионлик масаласи ҳал бўлганидан кейингина Гулерга имкон берди — ва туркиялик яримҳимоячи уялтирмади. Примерадаги сўнгги беш ўйинда Арда бешта гол урди. Евро-2024 да Гулерда ўзини кўрсатиш учун имконият кўпроқ бўлади. Туркияда бу сафар у билан 2008 йилдан буён илк бор плей-оффга чиқиши мумкин.

Витиня (Португалия миллий жамоаси, 24 ёш)

Фото: CARLOS RODRIGUES/GETTY IMAGES

«ПСЖ»нинг саҳна ортидаги қаҳрамонларидан бири. Витиня ҳақида кўп гапирилмайди, аммо айнан у — парижликларнинг энг яхши яримҳимоячиси. 24 ёшли футболчи серқирра эканини намойиш этди: у майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаради, тўпни олдинга ҳаракатлантиради, ажойиб пас бера олади, прессингда фаол ва яхши зарбага эга. Умуман олганда, бундай футболчи доимо фойдали. Португалия миллий жамоасида ҳужум чизиғида юлдузлар етарлича. Ҳужум ва ҳимояни боғловчи футболчилар эса — у қадар кўп эмас. Шунинг учун, агар португаллар Еврода муваффақиятга эришса, бунда Витиня каби «меҳнаткашлар»нинг улуши катта бўлади. Ўшандан кейин унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиши мумкин.

Нико Уилямс (Испания миллий жамоаси, 21 ёш)

Фото: FRAN SANTIAGO/GETTY IMAGES

«Атлетик» Билбао клубининг ёш юлдузи ва Испаниянинг Евро-2024 турниридаги умидларидан бири. Нико аллақачон ўз акаси Инякидан ўзиб кетган. Ака Гана миллий жамоаси учун ўйнашни танлаган. Нико эса Испания шарафини ҳимоя қилмоқда — ва жамоани Евро олтин медаллари томон бошлаб боришга тайёр. Кичик Уилямс 2022 йилги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашганди. Ўшанда испанлар муваффақиятсизликка учраганди. Аммо энди Европа чемпионатида барчасини тузатиш учун қўшимча мотивация бор.

Нико турнирда порлаши ва топ-клубга ўтиши ҳақидаги шов-шувларни алангалатиши мумкин. Масалан, «Барселона» раҳбарлари анчадан буён Уилямсни жамоада кўришни орзу қилиб келади. Эҳтимол, Евродаги иштироки каталонияликлар боссларини ҳақиқий ҳаракатларга ўтиш ва Никони сотиб олишга ундаши мумкин.

Жорж Микаутадзе (Гуржистон миллий жамоаси, 23 ёш)

Фото: LEVAN VERDZEULI/GETTY IMAGES

2023/2024 йиллар мавсумининг биринчи ярми вингер учун муваффақиятсиз кечди. 2023 йил ёзида Микаутадзе 16 млн евро эвазига «Метц»дан «Аякс»га ўтганди. Аммо Нидерландияда Жоржнинг ишлари юришмади: ярим йилда атиги саккиз ўйин ва бирорта голли ҳаракат йўқ. Қишда эса у ижара асосида «Метц» сафига қайтди. Ва яна ўз ўйинини топиб олди. Микаутадзе 20 ўйинда 13 гол урди ва тўрт голга узатма берди. Аммо бу «Метц»ни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқариб қололмади. Аммо клуб барибир Микаутадзени «Аякс»дан 13 млн евро эвазига қайта сотиб олди.

Евро-2024 турнирида Жорж Гуржистон жамоаси сафида ёрқин ўйин кўрсатиши мумкин. Бу ҳолда «Метц»нинг инвестицияси ўзини оқлайди. Микаутадзенинг даражаси Франциянинг иккинчи дивизионидан юқори ва унга яхшироқ чемпионатдан харидор келиши мумкин. Аммо бунинг учун футболчи бутун Европа клублари қаршисида ўзини кўрсатиши керак бўлади.

Жоан Бакайоко (Белгия миллий жамоаси, 21 ёш)

Фото: DEAN MOUHTAROPOULOS/GETTY IMAGES

ПСВ Нидерландия чемпионатида муддатидан олдин чемпионликка эришди. Эйндҳовенликлар жамоаси етакчиларидан бири Жоан Бакайоко бўлди. 21 ёшли вингер 33 турда 12 гол уриб, тўққиз ассист муаллифига айланди. Унинг трансфер қиймати эса 10 млн евродан 45 млн еврогача ўсди. Бакайокога «Челси», «Манчестер Сити», «Ливерпул», «ПСЖ» ва «Боруссия» Дортмунд каби клублар қизиқиш билдирмоқда. Агар у Евро-2024да ўзини яхши томондан кўрсата олса, уни янги мавсумда топ-клублардан бирида кўришимиз аниқ. Доменико Тедеско бошқарувидаги Белгия ҳал қилувчи босқичга етиб бориши, Бакайоко — турнирнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиши мумкин.

Юссуф Фофана (Франция миллий жамоаси, 25 ёш)

Фото: JONATHAN MOSCROP/GETTY IMAGES

Франция миллий жамоаси ҳужум чизиғи — дунёдаги энг яхшиларидан бири. Жамоа яримҳимоя чизиғи ҳам кучли, аммо у қадар юлдузли эмас. Юссуф Фофана — классик марказий яримҳимоячи, аммо ҳозирча унинг атрофида миш-мишлар деярли йўқ. Ҳолбуки у «Монако» Франция чемпионатини иккинчи ўринда якунлашига сабабчилардан бири бўлди. Евро-2024да Юссуф майдонга тушиш ва ўзини кўрсатиш имкониятига эга ва шундан кейин грандлар унга ҳам қизиқа бошлаши мумкин.

Себастян Шимански (Полша миллий жамоаси, 25 ёш)

Фото: NICK POTTS/GETTY IMAGES

Шимански муқаддам Москванинг «Динамо» клубида тўп сурган. 2022 йилда «Фейеноорд»га ижарага берилган, 2023 йилда эса уни «Фенербаҳче» сотиб олди. Туркияда Себастян Фред, Душан Тадич ва Эдин Жеко каби юлдузлар фонида йўқолиб қолмади ва жамоа етакчиларидан бирига айланди. 37 ўйинда Шимански 10 гол уриб, 12 ассист муаллифи бўлди. «Фенербаҳче» чемпион бўлолмади, лекин поляк яримҳимоячиси фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказди. Энди у Еврода порлаб, топ-лигага йўл олиши мумкин.

Страхиня Павлович (Сербия миллий жамоаси, 23 ёш)

Фото​​​​​​: FRANCOIS NEL/GETTY IMAGES

Сербия миллий жамоаси мунтазам равишда йирик турнирларда муваффақиятсизликка учрайди. Аммо Евро-2024 турнирига жамоа ажойиб таркибда йўл олган. Сербиядаги кашфиётлардан бири Страхиня Павлович бўлиши мумкин. 23 ёшли ҳимоячи Австриянинг «Ред Булл Залцбург» сафида юқори спорт формасини намойиш этди. Европанинг катта клублари Павловичга қизиқиш билдира бошлаган. Унда юқори тоифали ҳимоячи даражасига чиқиш учун салоҳият мавжуд. Ва Сербияга ҳеч бўлмаганда Евро чоракфиналига чиқишда ёрдам бериш учун имконият.

Мавзу
Евро-2024
2024 йил 14 июнидан 14 июлига қадар Германиянинг 10 та шаҳрида 17-бор футбол бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтади.
Барчаси
Top