Жаҳон | 11:21 / 17.06.2024
17628
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлари оқими қисқариши мумкин

Ҳозир Ўзбекистонда қурилиш соҳаси жадал ривожланаётгани, айрим объектлардаги иш ҳақи Россиядаги маош билан рақобатлаша олиши айтилди.

Фото: Владимир Андреев / URA.RU

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлим бошлиғи Алишер Рўзиев келажакда Россияга меҳнат муҳожирлари оқими камайиши мумкинлигини инкор этмади, деб ёзади «Коммерсантъ».

Қайд этилишича, у ҳозирда Ўзбекистонда қурилиш соҳаси жадал ривожланаётганини, айрим объектлардаги иш ҳақи Россия Федерациясидаги иш ҳақи билан рақобатлаша олишини таъкидлаган. 

«Бугун Ўзбекистонда қурилиш ишлари жадаллиги кузатилмоқда ва табиийки, бизнинг иш ҳақи Россия Федерациясидаги айрим объектлар билан тенг... Шу боис, бу вазиятда Россия Федерациясига кетаётган фуқароларимиз сони камайиши учун тенденция бўлиши мумкин», — деди у Рўзиев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган видеоконференция доирасида.

Алишер Рўзиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги баъзи йирик қурилиш объектларида қурилиш ишчилари ойига 500-600 доллар атрофида маош олади. «Шунга кўра, энди бундай иш ҳақи учун Россия Федерациясига бориш манфаатли эмас», дея қўшимча қилди у. 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлим бошлиғи, шунингдек, сўнгги икки йилда агентлик фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш географиясини, хусусан, Европада ишчи кучига бўлган талаб туфайли сезиларли даражада кенгайтирганини таъкидлади. 

Июн ойи бошида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўнгги саккиз йил ичида Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 4-6 миллиондан 1 миллионга камайганини билдирган эди. Май ойининг охирида Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин ҳам шундай рақамни келтирди. Унинг таъкидлашича, Россия муҳожирларнинг иқтисодий тараққиётга қўшаётган ҳиссасини қадрлайди ва уларга муносиб меҳнат шароити яратиш учун барча зарур ишни қилмоқда. 

Мавзуга оид