09:45 / 17.06.2024
25492

Саидазиз “медгородок”га нисбатан яна бир суд бошланди

Мазкур иш ҳам уюшган гуруҳ бўлиб товламачилик содир этиш ва жуда кўп миқдордаги фирибгарлик билан боғлиқ. Мулкини тортиб олиш мақсадида жабрланувчини 6-қаватдан улоқтириб юбориш билан қўрқитиб содир этилган жиноятнинг асосий иштирокчиларидан бирига гаров эҳтиёт чораси танланган. У айни пайтда мамлакатдан ташқарида.

Фото: Олий суд

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида 14 июн куни Саидазиз Саидалиевга қарши яна бир суд иши бошланди. Унда судланувчилар 3 киши.  Суд иши доирасида Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми а-банди, в-банди (Товламачилик), Собиржон Исомуҳаммедов 165-модда 3-қисми а-банди, в-банди (Товламачилик), 168-модда 3-қисми а-банди, б-банди (Фирибгарлик), 168-модда 3-қисми а-банди (Фирибгарлик) ҳамда Мирсолих Мирхўжаев 165-модда 3-қисми а-банди, в-банди (Товламачилик) билан айбланмоқда. Бу ҳақида суд мажлислари онлайн жадвалида маълумот келтирилган.

Kun.uz’да мавжуд ҳужжатларда келтирилишича, жиноят ишида асосий фигурантлардан бири бўлган Собиржон Исомуҳаммедов 2022 йилнинг август ойларида таниши, 1997 йилда туғилган Рихсиддин Тохировга Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, Мажнунтол маҳалласи ҳудудида жойлашган 4 гектар ер майдони уй-жой қурилиши учун ажратилганлигини ва бу ерда намунали турар-жой комплекси қурилишини таъкидлаб, унинг 4,5 сотихини 15,5 минг АҚШ долларига сотишини айтган. Аслида бу ер майдони “Biocell” МЧЖга 2021 йилда замонавий енгил конструкцияли иссиқхона қурилиши учун 49 йил муддатга ижара асосида ажратилган бўлган. Исомуҳаммедов 2022 йил август ойи охирларида Тохировнинг 15,5 минг долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. 

Бундан ташқари, у айни шу усул орқали таниши, 1978 йилда туғилган Нодир Толиповнинг ҳам 15,5 минг АҚШ долларини ҳам қўлга киритган.   

Собиржон Исомуҳаммедов 2022 йил 2 октябр куни “Everest Impex Ples” МЧЖ таъсисчиларидан бири Мурод Тўхтаев билан ўрталаридаги мулкий низони ҳал қилиш учун Саидазиз Саидалиев, Равшанжон Алимов ҳамда Мирсолих Мирхўжаев билан бир гуруҳга бирлашган. Улар Мурод Тўхтаевни Миробод тумани, Яккачинор кўчасидаги бизнес марказнинг 6-қаватида жойлашган офисга чақиртириб, МЧЖдаги 50 фоизлик улушни уларнинг фойдасига воз кечишини талаб этишган. Агарда воз кечмаган тақдирда жисмоний куч ишлатиш, мулкларини нобуд қилиш ва офиснинг 6-қаватидан улоқтириб юбориш билан таҳдид қилишган.

Бу ишда Саидазиз Саидалиев ва Мирсолих Мирхўжаевларга эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Аммо улар билан айнан ўхшаш моддаларда айбаланаётган Собиржон Исомуҳаммедовга нисбатан эса гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Собиржон Исомуҳаммедов 14 июн куни бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этмаган. Kun.uz манбасига кўра, у айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турибди ва у ерда Ҳаж зиёратини адо этмоқда.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 46-моддасига (айбланувчининг мажбуриятлари) кўра айбланувчи суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши, суд муҳокамасида иштирок этишдан бош тортмаслиги, ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши шарт.

Жиноят процессуал кодексининг 249-моддасига кўра судланувчи ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузган тақдирда гаров суд ажрими билан давлат мулкига ўтказилади ва нисбатан жиддийроқ эҳтиёт чораси қўлланилади.

Мавзу
Жиноятчиликка қарши тадбирлар
2023 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистонда, расмийлар таърифига кўра, “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” бошланди.
Барчаси
Top