Ракеталар, ишчилар, туристлар. Путин ва Ким Чен Ин нима учун дўстлашмоқчи?
18 июн куни Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга икки кунлик ташрифи бошланади. Украина билан уруш Москва ва Пхенянни ўзаро яқинлаштирди ва гап фақатгина Шимолий Кореянинг Россияга зарур бўлган қуролларида эмас. Путин ва Ким Чен Ин музокаралари кун тартибида нималар бўлиши мумкинлиги — BBC’нинг Корея хизмати материалида.
Владимир Путин иккинчи бор КХДРга ташриф буюрмоқда. Унинг биринчи расмий ташрифи унинг президентлик муддати бошида, 2000 йил рўй берган. Ўшанда у Шимолий Кореянинг ҳозирги раҳбарининг отаси — Ким Чен Ир билан учрашганди ва улар икки мамлакат ҳамкорлиги тўғрисида қўшма декларацияни қабул қилишганди.
Хусусан, ҳарбий ҳамкорлик линияси бўйича «босқин ёки хавфли вазият юзага келган тақдирда икки мамлакат дарҳол контакт ўрнатиши» ҳақидаги келишувга эришилганди.
КХДРнинг ҳозирги раҳбари Ким Чен Ин икки марта Россияга борган, охиргиси — 2023 йил кузида рўй берганди, ўшанда у Владимир Путин билан «Восточний» космодромида бўлганди. Ўшанда Путин Кимнинг Шимолий Кореяга келиш бўйича таклифини қабул қилганди.
Аммо Шимолий Корея ва Россия раҳбарларининг ўтган йилги учрашуви кўп жиҳатдан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга пойдевор қўйиш бўлган бўлса, ҳозиргиси, айрим маҳаллий таҳлилчиларга кўра, бу муносабатлар сезиларли даражада ривожлангани, ҳарбий алоқалар эса мустаҳкамланганини кўрсатади.
Бу учрашув фақатгина Россия ва Шимолий Корея армиялари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик масалалари билан чекланиб қолмайди. Владимир Путин Шимолий Корея амалда ядро қуролига эгалиги ва замонавий қуроллар ишлаб чиқараётганини эслаб ўтиши ёки йўқлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. 2000 йилда, Путиннинг КХДРга илк ташрифи чоғида Шимолий Корея ҳали ядро клубининг норасмий аъзоси ҳам эмасди.
Ҳарбий ҳамкорлик: Россияга қурол керак, Шимолий Кореяга — техник кўмак
Россиянинг Украинага босқинининг учинчи йилида бир-бирини зарур воситалар билан таъминловчи Шимолий Корея ҳамда Россиянинг ўзаро қарамлиги кучайди, дея қайд этади экспертлар.
Кун тартибининг ҳарбий қисмидаги асосий масала келгусида шимолий кореяликларнинг яна қанча қуроли Россияга етказиб берилишида, дейди Корея университети унификация ва дипломатия факултети профессори Нам Сон Ук.
Айрим экспертлар бу сафар Москва ва Пхенян Шимолий Кореянинг оддий қуроллар етказиб бериш бўйича қисқа муддатли келишувлари доирасидан чиқиб, янада яқиндан ҳарбий ҳамкорлик, масалан, қурол тизимларини биргаликда ишлаб чиқиш масаласида келишиб олиши мумкинлигини истисно этмаган.
КХДР Россияга қурол етказиб бериш эвазига ундан озиқ-овқат ва ёнилғидан ҳам муҳимроқ нарсани олишни исташи ҳам мумкин.
Профессор Намнинг фикрича, 2023 йил майида ҳарбий разведкачи сунъий йўлдошини учиришда муваффақиятсизликка учраган Шимолий Корея келгуси учиришларда Россиянинг ёрдами масаласини ўртага ташлаши мумкин. Кўтарилиши мумкин бўлган мавзулардан яна бири — Россияда бор бўлган юқори аниқликдаги сунъий йўлдош съёмка технологияси.
Ядро қуроли эса очиқ муҳокама мавзуси бўлиши даргумон, деб ҳисоблайди Нам, чунки Корея яримороли ва Шимолий-шарқий Осиёда ядро қуроли бўйича ҳамкорлик ёки биргаликда фойдаланиш АҚШ ва Хитой каби қўшни давлатларнинг жиддий қаршилигига сабаб бўлиши мумкин.
Иқтисодий ҳамкорлик: Россияга ишчи кучи керак, Шимолий Кореяга — валюта
Россия ва КХДР иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда. Бу масала эътиборга лойиқ: икки мамлакат ҳам санкциялар остида қолган.
Шимолий Корея «ишчиларнинг валюта даромади»га муҳтож, бу эса КХДРдан Россияга қўшимча ишчи кучи юборилиши эҳтимолини ошириши мумкин, дея қайд этади Донг-А университети сиёсатшунослик ва дипломатия профессори Кан Дон Ван.
Россияга ҳам Украина билан уруш туфайли етказилган зарарни қоплаш ҳамда иқтисодиётни тиклаш учун сезиларли миқдорда ишчи кучлари керак.
Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашининг КХДРга қарши санкциялар тўғрисидаги резолюцияси шимолий кореялик ишчиларга мамлакатдан четга чиқиб ишлашни тақиқлайди. Ундан олдинроқ ишлаш учун хорижга юборилган шимолий кореялик ишчиларнинг барчаси 2019 йил 22 декабрига қадар ўз ватанига қайтарилиши лозим эди. Ва агар Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия шимолий кореяликларни расман ёллайдиган бўлса, бу халқаро ҳамжамиятда жиддий норозилик уйғотиши эҳтимоли бор.
Туризм: иқтисодий ва маданий алмашув
Февралда Россия Шимолий Кореяга гуруҳли турларни қайта тиклади, бу Covid-19 пандемияси туфайли тўхтаб қолганди. 6 июнда эса Шимолий Корея ва Россия ўртасида тўрт йил муқаддам узилиб қолган йўловчи поездлар қатнови тикланди.
Приморе ўлкаси раҳбариятига кўра, февралдан май ойига қадар КХДРга 400 дан ортиқ россиялик сайёҳлар ташриф буюрган.
Россиянинг «Восток Интур» туристик агентлиги Шимолий Кореяга беш кун ва тўрт тунни ўз ичига олувчи турпакетни 750 доллардан сотмоқда. Россияликларга турли сайёҳлик дастурлари, масалан, Пэкту тоғига сафар, Мазон курортида пляж таътили, Шимолий Корея бўйлаб тарихий тур ҳамда «Улуғ ватан урушидаги ғалаба»га бағишланган тур таклиф этилади.
«Туризм — бу нафақат хорижий валюта ишлаб олиш йўли, балки одамлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқот орқали мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашда ҳам муҳим рол ўйнайди», — дея КХДРга сайёҳлик оқими ортишини изоҳлайди Шимолий Корея тадқиқотлари университети профессори Ким Дон Ёп.
Профессор Кимнинг фикрича, хорижлик сайёҳлар ташрифлари Шимолий Кореянинг ёпиқ ва хавфли давлат сифатидаги имижини юмшатишга ёрдам беради.
Аммо КХДРда туристик инфратузилмалар йўқлиги ва хорижликларнинг эркин ҳаракатланишига ўрнатилган чекловлар туфайли туризм саноатини ривожлантириш қийин. Бу соҳадаги ҳамкорлик Путиннинг Пхенянга ташрифи давомида муҳокама қилинадиган яна бир мавзу бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди профессор Кан Дон Ван.
BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Россия Шимолий Корея қуроллари билан қандай жанг қилаётгани ҳақида
Украинадаги уруш чўзиладиган бўлгач, Россия дунёнинг кўплаб мамлакатларидан қурол қидиришни кучайтирди. Шимолий Корея эса идеал ҳамкор бўлиб чиқди.
Биринчидан, максимал даражада ҳарбийлашган иқтисодиёти мамлакатга дунёдаги снаряд ва ракеталарнинг энг йирик арсеналларидан бирини яратишга имкон берган, бу эса ҳозирда Россия армиясига ҳаммасидан ҳам зарурроқ бўлган нарсадир.
Иккинчидан, Шимолий Кореянинг кўплаб қуроллари эски совет қуроллари асосида ишлаб чиқилган, бир хил калибрдан фойдаланади, шу туфайли Россиянинг замонавий қуролларига мос келади. Улардан айримлари эса Россия моделларининг кўчирмасидир — масалан, шимолий кореяликларнинг Россия Украинани ўққа тутишда фойдаланишга улгурган KN-23 ракетаси россияликларнинг «Искандер-М» оператив-тактик комплексидан отиладиган 9М723 ракетасига жуда ўхшайди.
Қолаверса, Москва ҳам, Пхенян ҳам шу қадар санкциялар ботқоғига ботганки, уларни қандайдир янги чекловлар билан қўрқитиб бўлмайди. Қуруқликда ҳам, денгизда ҳам умумий чегаралар мавжудлиги эса етказиб беришда логистикани осонлаштиради ва БМТ резолюциясини бузган ҳолда ушбу қуролларни ташиётган транспорт воситаларини тўхтатиш ва қўлга олишни имконсиз қилади.
Ўтган йил кузидаёқ Жанубий Корея разведкаси КХДРдан Россияга миллионта снаряд юборилгани ҳақида хабар қилганди (таққослаш учун — ЕИ мамлакатлари 2023 йил мартида Украинага шунча снаряд ваъда қилган, аммо бир йил ўтганидан кейин ваъда бажарилмаганини тан олганди). 14 июн куни эса Жанубий Корея мудофаа вазирлиги Пхенян Россияга 5 миллионта артиллерия ўқ-дорилари, шунингдек ўнлаб баллистик ракеталар юкланган контейнерларни юборгани ҳақида хабар берди.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби ҳам шу йил бошида Шимолий Корея баллистик ракеталари Москвага етказиб берилгани ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, бунинг эвазига КХДР етакчиси Ким Чен Ин Россиянинг ҳарбий соҳада, жумладан қирувчи самолётлар, «ер-ҳаво» классидаги ракеталар, зирҳли техникалар, баллистик ва бошқа замонавий технологиялар яратишда ёрдам кўрсатишига умид қилмоқда.
Шу билан бирга, Шимолий Корея қуроллари ва ўқ-дориларининг тактик-техник характеристикаси ҳамда сифати шубҳа уйғотади. Россиялик Z-блогерлар КХДРдан олиб келинган снарядлар аниқлик ва етиб бориш масофаси бўйича Россия ўқ-дориларидан анча ортда қолишидан, айримлари эса умуман фойдаланишга яроқсизлигидан (эҳтимол, жуда эскириб кетгани учун) шикоят қилишган. Лекин бундай камчиликларга кўз юмишга тўғри келади — уруш давом этмоқда, ўқ-дорилар эса жуда кўп керак.
Мавзуга оид
15:10 / 09.10.2024
BRICS мамлакатлари раҳбарлари Путинни яна туғилган куни билан табрикламади
09:30 / 09.10.2024
Журналист Вудворд: Трамп Путин билан яширинча алоқада бўлган
23:00 / 08.10.2024
Путин ўзбекистонлик дипломат Илҳом Неъматовни орден билан тақдирлади
20:50 / 08.10.2024