Жаҳон | 17:22 / 20.01.2025
7305
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига квоталарни камайтириши мумкин

Миграция қонунчилигини бузиш ҳолатларининг кўпайиши оқибатида ишчи мигрантлар учун ажратилаётган квоталар сони камайиши мумкин.

Фото: Getty Images

Ижтимоий тармоқларда Жанубий Корея ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига чеклов қўйгани ҳақида хабарлар тақалди. Бу масалага Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизимати раҳбари Жамолиддин Қаландаров изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Жанубий Кореядаги иқтисодий ўзгаришлар туфайли ўзбекистонликлар иш жойини сабабсиз тарк этиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

«Бир киши қилган хато кўпчиликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Оқибатда, ишчи мигрантлар учун ажратилаётган квоталар сони камаяди», деди Қаландаров.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Жанубий Кореяда ноқонуний юрган Ўзбекистон фуқаролари кўлами 9,6 фоизга етган.

«Агар 10 фоизга чиқадиган бўлса, бу давлат Ўзбекистон билан миграцион алоқа тизимини қайта кўриб чиқиши мумкин», деди у.

Қаландаровнинг таъкидлашича, 2024 йил Жанубий Кореяга E-9 визаси билан ишлаш учун 3080 нафар фуқаро юборилган бўлиб, бу рақам 2023 йилга нисбатан анча пасайган. Бу вазият фақат ўзбекистонликлар билан боғлиқ эмас, бошқа давлатлардан борганлар учун ҳам шундай чоралар кўриляпти. Масалан, Непал мигрантлари сони бир йилда 19758 кишидан 7081 нафарга камайган.

Қаландаров сўзларига кўра, юзага келган иқтисодий инқироз сабаб, Кореяда кўплаб компаниялар ўзини банкрот, деб эълон қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, агентлик мутахассислари ушбу давлатда бўлиб турган юртдошлардан меҳнат интизомига, шартномада кўрсатилаган талабларни тўлиқ бажаришга, қонунларни бузмасликка чақиради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид