12:51 / 19.06.2024
10093

Россия А-50 айғоқчи самолёти Украина томонидан уриб туширилганини тан олди

А-50 узоқ радиолокацион аниқлаш самолёти 23 феврал куни уриб туширилган. Москва суди Украина зенитчилари қўмондонини «қуролсиз ва жанговар фойдаланиш учун мўлжалланмаган самолётни» йўқ қилгани учун сиртдан ҳибсга олди.

Фото: Vladimir Gerdo/TASS/dpa/picture alliance

Россия 23 феврал куни А-50 айғоқчи самолёти Украина ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини тан олди. Бу ҳақда 17 июн, душанба куни Тергов қўмитаси ва Москва умумий юрисдикция судлари томонидан Украина Қуролли кучларининг 138-зенит-ракета бригадаси қўмондони, полковник Николай Дзяманнинг сиртдан ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларда айтилган.

Россия расмийлари Дзяманни террорчиликда айбламоқда. Тергов маълумотларига кўра, Дзяман А-50 самолёти «жанговар ҳаракатлар учун мўлжалланмагани ва қуролга эга эмаслиги», парвози «фақат Россия ҳаво ҳудудида» амалга оширилганлигини била туриб, уни йўқ қилишни буюрган. 

Украиналик зобит қидирувга берилди. Москвадаги суд мажлисида уни суд томонидан тайинланган адвокат Виктор Абашин ҳимоя қилди. У Дзяманнинг ҳибсга олинишига қарши эканлигини билдирди. 

А-50 туридаги самолёт аввал ҳам йўқ қилинган

Жорий йилнинг 23 февралида А-50 узоқ радиолокацион аниқлаш самолёти уриб туширилди. Унинг парчалари Краснодар ўлкаси, Каневский тумани, Трудовая Армения хутори ҳудудидан топилган. Ўшанда Украина ва Россия ресурслари самолёт йўқ қилингани ҳақида хабар беришди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги А-50 Украина томони томонидан уриб туширилганини маълум қилди. Россиялик ҳарбий блогерлар «дўстона ўт очиш» юз бергани ҳақида ёзишди. 

Бундан олдин, 14 январ куни Бердянск яқинидаги Азов денгизи узра яна бир А-50 рус самолёти уриб туширилган. Ўшанда Россия самолёт йўқолганини тан олмади. А-50, хусусан, ҳаво ва ерусти нишонларини аниқлаш ва кузатиш, қўмондонлик пунктларини ҳаво ва ер юзасидаги вазият ҳақида огоҳлантириш учун ишлатилади. Россияда бундай машиналар сони ўнтадан кам.

Top