Жаҳон | 13:45 / 20.06.2024
1564
2 дақиқада ўқилади

Эстония Франциядан 12 дона Caesar ўзиюрар ускунасини сотиб олади

Россия таҳдидининг кучайиши фонида Болтиқбўйи мамлакатлари ўзларини қуроллантириш ва мудофаани мустаҳкамлашда давом этмоқда. Таллин янги қурол сотиб олмоқда.

Фото: Sameer al-Doumy/AFP/Getty Images

Эстония Россиянинг Украинага қарши уруши фонида қуролланишда давом этмоқда: Европа Иттифоқи ва НАТО мамлакати Франциядан ўн иккита Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари (ЎАҚ)ни сотиб олишга қарор қилди. Бу ҳақда 19 июн, чоршанба куни кечқурун Таллиндаги Эстония мудофаа инвестиция маркази маълум қилди. 155 мм калибрли олтита ўзиюрар қурол 2024 йил охиригача, қолганлари эса 2025 йилнинг ўрталарига қадар етказиб берилиши керак, дейилади идора баёнотида.

Хабарга кўра, яқинда Париж яқинида бўлиб ўтган Eurosatory-2024 қурол-яроғ кўргазмасида ўзиюрар қуролларни сотиб олиш имконияти билан таъминлаш шартномаси имзоланган. Сотиб олиш нархи ошкор этилмаган. Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур ўз баёнотида Caesar’ни «Украинани Россиядан ҳимоя қилишда ўзини муваффақиятли исботлаган қурол тизими» деб таърифлади. Таллин сотиб олинган ўзиюрар қуроллар ёрдамида «мобил, мослашувчан ва узоқ масофали ўт очиш ёрдамини» олишни кутмоқда. 

Caesar ЎАҚнинг асосий хусусиятлари 

Caesar ЎАҚни ишлаб чиқарувчи - KNDS қурол компаниялари гуруҳи бўлиб, унга Германиянинг Krauss-Maffei-Wegmann компанияси ва Франциянинг Nexter ширкати киради. Эстония оммавий ахборот воситалари мамлакат Мудофаа вазирлиги томонидан сотиб олинган қурилмаларнинг асосий хусусиятларини тақдим этди: оғирлиги - 17,7 тонна, ўлчамлари 9,86 м х 2,55 м х 2,70 м, ўқ отиш тезлиги - дақиқада 4-6 та, максимал отиш масофаси - 42 км, радиус - 600 км, экипаж - 6 киши. 

Caesar ЎАҚ Эстония мудофаа кучларининг қуруқликдаги бўлинмасида яратилаётган ўзиюрар артиллерия баталони бир қисми бўлади, дейилади материалда мудофаа лойиҳаси раҳбари подполковник Рауно Вийтманга таяниб.

Мавзуга оид