Ўзбекистон | 14:53 / 21.06.2024
2795
2 дақиқада ўқилади

“Иш тафтиш инстанциясида кўрилмоқда” – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тадбиркордан 1,6 млрд сўм қарздорликка изоҳ берди

Вазирликка кўра, назорат ўлчови жараёнида пудратчи томонидан 1,65 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилмасдан, ҳужжатларга қўшиб ёзилгани, шунингдек, шартномалар бўйича мажбуриятлари тўлиқ бажарилмагани аниқланган. Ҳозирда суд қарорига нисбатан тафтиш тартибида шикоят киритилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вазирлик ҳузуридаги “Маъмурий хўжалик хизмати” давлат муассасаси МИБдан 1,6 млрд сўм қарздорлиги бўлган ҳолда 585 млн ҳамда 420 млн сўмга иккита машина харид қилиш бўйича шартнома имзолагани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, вазирлик ҳузуридаги “Маъмурий-хўжалик хизмати” давлат муассасаси ва пудратчи ўртасида тузилган 2 та шартнома бўйича бажарилган таъмирлаш ишлари натижаси юзасидан “Ипотека банк” АТИБ ходимлари иштирокида назорат ўлчови ўтказилган. Жараёнда пудратчи томонидан 1,65 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилмасдан, ҳужжатларга қўшиб ёзилгани, шунингдек, шартномалар бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилмагани, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмагани ҳамда таъмирлаш ишлари ўз муддатида якунланмасдан, шаҳарсозлик норма-қоидаларига мувофиқ фойдаланувчига топширилмасдан қолинганлиги ҳолатлари аниқланган.

“Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарорига нисбатан тафтиш тартибида шикоят киритилиб, суддан ҳозирги вақтда Яшнобод тумани МИБ иш юритувидаги ижро ҳужжатларига асосан “Маъмурий-хўжалик хизмати” давлат муассасасинингг 1,6 млрд сўмдан зиёд қарздорлиги бўйича қарорни бекор қилиш ҳамда пудратчига таъмирлаш ишларини ниҳоясига етказиш ва объектларни фойдаланувчига топширишни юклатиш, шунингдек, бажарилмаган ишлар, қўшиб ёзиш ва объектларни ўз муддатида топширмаслик ҳолатлари бўйича ҳисобланган 0,83 млрд сўмлик пеняни ундириб бериш сўралган”, дейилади вазирлик муносабатида.

Вазирлик автомобил харид қилиш маълум шахс эҳтиёжи ёки манфаати учун эмас, балки иш унумдорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини қўшимча қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид