Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади
Президент фармони билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ягона давлат бошқаруви жорий этилди.
Фото: Depositphotos
«Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар қуйидагилар:
-
соҳага масъул идораларнинг бир-бирини такрорловчи функцияларини мақбуллаштириш орқали ягона давлат бошқарувини ташкил этиш;
-
«даладан дастурхонгача» тамойили асосида хавф таҳлилига асосланган назорат тизимини жорий этиш;
-
амалдаги санитария қоидаларини Алиментариус кодекси стандартлари, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (WOAH), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (IPPC) талабларига мувофиқлаштириш.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:
-
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси;
-
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги.
2027 йил 1 январдан хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиладиган (турлари кенгайтириладиган) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги функциялар рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, Қўмита ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги институти ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ, тадбиркорларнинг юкини кўрик учун йўналтириладиган омборларда сақлаш харажатлари 60 млрд сўмгача қисқартирилади.
Олиб кирилаётган фитосанитар хавф даражаси ўрта товарлар назоратига вақт сарфи ўртача 3 иш кунидан 1 иш кунига қисқартирилади.
2026 йил 1 августдан карантиндаги маҳсулотлар фитосанитария назоратини амалга оширишда хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми жорий қилинади.
Хавфларни бошқариш тизими «E-Fitouz» электрон порталида шакллантирилади ҳамда Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» БАТ билан интеграция қилинади.
Шунингдек, 2026 йил августдан синов тариқасида мева-сабзавотларга ихтисослашган айрим туманларда маҳсулотларни етиштиришдан экспортгача фитосанитар назоратни амалга оширишда жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилади.
2029 йил 1 январдан мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади.