Жаҳон | 15:27 / 21.06.2024
2664
3 дақиқада ўқилади

Молдовада ЕИга қўшилиш бўйича музокаралар тўғрисидаги фармон имзоланди

Президент Майя Санду Кишинёв Европа Иттифоқига қўшилиш учун барча шартларни бажарганини маълум қилди. Молдова 2030 йилгача Европа Иттифоқига киришга умид қилмоқда.

Фото: Facebook/Maia Sandu

Молдова президенти Майя Санду мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги фармонни имзолади. 21 июн, жума куни у Х ижтимоий тармоғидаги ўзининг микроблогида: «Европа Иттифоқига аъзолик тинчлик, фаровонлик ва барча фуқаролар учун яхши ҳаёт йўлимиздир» деб ёзди.

«Молдова Республикаси Еврокомиссиянинг барча тавсияларини бажарди. Шундай қилиб, номзод давлат мақомини олганидан кейин икки йил ўтиб, 25 июн куни аъзо бўлиш бўйича музокараларга старт берувчи биринчи Молдова-Европа Иттифоқи ҳукуматлараро конференцияси бўлиб ўтади. Мамлакатни модернизация қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар ортида давлат муассасаларидаги минглаб одамлар турибди ва уларнинг ҳар бири мамлакатимизни 2030 йилгача Европа Иттифоқига аъзоликка тайёрлаш мақсадига эришишда ҳал қилувчи таъсир кўрсатмоқда», — деди Санду Европа интеграцияси бўйича миллий комиссия мажлиси якунида. 

Президентнинг сўзларига кўра, йиғилишда ҳукумат томонидан тасдиқланадиган умумий музокаралар позицияси тасдиқланган. Бош вазирнинг Европа интеграцияси бўйича ўринбосари Кристина Герасимова Молдовадан ЕИ билан бош музокарачи этиб тайинланди. Майя Сандунинг қўшимча қилишича, кузда бўлиб ўтадиган референдумда Молдова халқи Европа Иттифоқига қўшилиш «мамлакат тараққиёти вектори ва келажак авлодлар учун қолдирадиган мерос» эканлигини ҳал қилади. 

ЕИга номзод мақоми 

Молдова 2022 йилда Европа Иттифоқига номзод мақомини олди. 2023 йил декабр ойида Европа кенгаши ушбу мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокараларни 13 мартда бошлашга қарор қилди, Европа комиссияси Европа кенгашига Молдова билан музокаралар учун асос сифатида хизмат қилувчи лойиҳани кўриб чиқиш учун юборди. 

Июн ойи бошида Еврокомиссия Молдова ва Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бундан ташқари, 5 июн куни Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 11 таси ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Белгияга ҳукуматлараро йиғилишни ўтказиш мақсадида шу ойда Молдова ва Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокаралар учун асос яратишни сўраб мурожаат қилди. Июн ойи охирида икки давлат иштирокида конференциялар ўтказилиши режалаштирилган. 

Май ойида Европанинг маъмурий ва бюджет масалалари бўйича комиссари Йоханнес Хан Молдова Кишинёв ҳукумати қонун устуворлигига содиқлигини исботлаб, адлия соҳасида ислоҳотлар ўтказса, 2030 йилга бориб Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкинлигини айтган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид