Жаҳон | 08:52
987
3 дақиқада ўқилади

Руминияда Молдова билан бирлашиш бўйича қонун лойиҳаси янги босқичга ўтди

Руминия парламентининг Депутатлар палатаси Руминия ва Молдовани бирлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат «жим қабул қилиш» тартибида тасдиқланган бўлиб, энди уни мамлакат Сенати кўриб чиқади.

Фото: Reuters

Руминиянинг SOS Romania партияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 24 июн куни парламентнинг қуйи палатаси — Депутатлар палатаси томонидан маъқулланди.

Руминия оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ҳужжат «жим қабул қилиш» (silent adoption) тартиби асосида тасдиқланган. Бу тартибга мувофиқ, агар қонун лойиҳаси парламент ялпи мажлисида 45 кун ичида муҳокама қилинмаса ёки рад этилмаса, у автоматик равишда қабул қилинган деб ҳисобланади.

Қонун лойиҳасида Руминия парламенти мамлакатнинг Молдова Республикаси билан бирлашиши тўғрисида қарор қабул қилиши, шунингдек, ҳукуматга Кишинёв расмийлари билан бирлашиш жараёнини расмийлаштириш бўйича зудлик билан музокараларни бошлаш ваколатини бериш таклиф этилган.

Эндиликда мазкур ташаббус Руминия парламентининг юқори палатаси — Сенат муҳокамасига киритилади.

Шу йил январ ойида Молдова президенти Майя Санду ҳам мамлакатнинг Руминия билан бирлашиши ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаган эди. У Британиянинг The Rest is Politics подкастига берган интервюсида, агар бу масала бўйича референдум ўтказилса, бирлашишни қўллаб-қувватлаб овоз беришини айтган.

Сандунинг таъкидлашича, ҳозирги геосиёсий вазиятда Молдова каби кичик давлат учун мустақил демократия сифатида ривожланиш ва ташқи босимларга, хусусан Россия таъсирига қарши туриш тобора қийинлашмоқда.

Сўнгги йилларда, айниқса Россия ва Украина ўртасидаги уруш фонида, Молдовада Румыния билан бирлашиш тарафдорлари сони ортган. 2026 йил март ойида ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, Молдова аҳолисининг тахминан 42 фоизи бирлашишни қўллаб-қувватлайди, 47 фоизи эса бунга қарши. Руминияда эса аҳолининг қарийб 72 фоизи ушбу ғояни маъқуллайди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Молдованинг 2,4 миллионга яқин аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи Руминия фуқаролигига ҳам эга. Руминия бугунги кунда Молдованинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Шунингдек, Бухарест Кишинёвга Россияга энергетик қарамликни камайтириш ва Европа энергетика тармоқларига уланишда ҳам катта ёрдам кўрсатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид