Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bank of China санкциялар остидаги Россия банклари билан операцияларни чеклади
Bank of China’нинг Россиядаги шуъбаси АҚШ санкциялари остидаги РФ банкларига юандаги тўловлар бўйича хизмат кўрсатишдан бош тортди, деб ёзади «Коммерсант».
Россия ва Хитой ўртасида юанда тўловларни амалга оширишга ихтисослашган Bank of China’нинг Россиядаги шуъба корхонаси бўлган «Бэнк оф Чайна» санкцияга учраган Россия банклари билан операцияларни тўхтатди, деб хабар берди «Коммерсант» газетаси 24 июн, душанба куни ўз манбаларига таяниб. 24 июндан бошлаб Хитой банки Америка санкциялари рўйхати - SDN List’га киритилган Россия банкларидан юандаги тўловларни қайта ишлашни тўхтатди. АҚШ санкцияларига дучор бўлмаган ҳамкорлар билан ишлаш давом этади.
«Коммерсант» экспертлар ҳисоб-китобларига таяниб, шунингдек, Хитой ва Россия ўртасидаги тўловларнинг салмоқли қисми «Бэнк оф Чайна» ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади, бироқ ҳозирда бу жараён банкдан ташқари воситачилар томонига кўпроқ ўзгариб бормоқда.
«Бэнк оф Чайна» янги чекловларни тасдиқлаш сўровига жавоб бермади.
АҚШ Москвага қарши санкцияларни бузган банкларга санкциялар билан таҳдид қилмоқда
2023 йил декабр ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден хорижий молия институтлари Россия ҳарбий-саноат комплекси манфаатларини кўзлаб операцияларни амалга оширса ва шу тариқа Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватласа, уларга нисбатан санкциялар қўллаш имконини берувчи фармонни имзолади. Россия мудофаа саноати манфаати йўлидаги фаолият учун Вашингтоннинг санкциялар рўйхатига киритилган «ҳар қандай шахс манфаатларини кўзлаб ёки унинг номидан муҳим операцияларни амалга оширган» ёки бундай операцияларни амалга оширишга ҳисса қўшган молия институтлари жавобгарликка тортилиши мумкин, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Байденнинг фармонига кўра, операцияларни амалга оширадиган ёки «Россия ҳарбий-саноат базаси билан боғлиқ ҳар қандай хизматларни кўрсатадиган, шу жумладан тўғридан тўғри ва билвосита Россия Федерациясига ҳар қандай товарлар ёки товарлар синфини сотиш, етказиб бериш ёки топшириш» фаолияти аниқланган молиявий институтлар жаримага тортилиши мумкин.
Шундан сўнг, Хитой банкларининг Россия билан операцияларини чеклашлари ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Хитойнинг айрим банклари Россиядан юанда тўловларни қабул қилишни тўхтатди. Уларнинг мижозлари тегишли билдиришномаларни ола бошладилар ва тўловлар қайтарила бошланди.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025