Жаҳон | 13:01 / 25.06.2024
7938
2 дақиқада ўқилади

Украина қўшинлари Қримга зарба беришда давом этади

Эгаллаб олинган Қрим - «катта ҳарбий лагер ва юзлаб тўғридан тўғри ҳарбий нишонларга эга омбор», уни Россия ҳукумати тинч аҳоли билан ортида яширмоқда, дея тушунтирди Украина президенти девонининг маслаҳатчиси.

Фото: PLANET LABS PBC/REUTERS

Украина қўшинлари эгаллаб олинган Қримга зарба беришда давом этади. Бу ҳақда 24 июн, душанба куни ўзининг Telegram-каналида Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди. У яриморолни «йирик ҳарбий лагер ва юзлаб тўғридан тўғри ҳарбий нишонлар жойлашган омборхона» деб атаган.

Подолякнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати кенг кўламли уруш фонида Қримда тинч аҳоли ортида яширилган ҳарбий нишонларни қамраб олган «тинч ҳаётнинг сохта белгиларини» яратмоқда. Ўз навбатида, Украина президенти девони маслаҳатчиси яриморол ҳудудида яшашни ва Қримда дам олишни давом эттираётганларни «фуқаровий оккупантлар» деб атаган.

Яриморолга ҳужумлар давом этишини Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») раҳбари Кирилл Буданов тасдиқлади. The Philadelphia Inquirer нашрига берган интервюсида у Қримни Россиядан қурол-яроғ билан таъминлашни тўхтатиш, Қора денгиз флотини яриморолдан бутунлай сиқиб чиқариш ва Қрим кўпригини йўқ қилиш зарурлигини айтди. Будановнинг сўзларига кўра, охирги мақсадга Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталари ёрдамида эришиш мумкин. 

Севастополга ракета зарбаси

23 июн, якшанба куни Севастополга бешта ракета учирилди. Россия Мудофаа вазирлиги зарба «АҚШ томонидан етказиб берилган, кассетали каллаклар билан жиҳозланган ATACMS оператив-тактик ракеталари» томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Тўртта «ҳаво нишони» уриб туширилди, яна бир ракета ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг зарбаси натижасида парвоз йўналишидан четга чиқди ва шаҳар устида портлади. 

Кассетали каллаклар бўлакларининг қулаши натижасида тўрт киши ҳалок бўлди, улардан икки нафари болалар эди. Қрим «ҳокимияти» маълумотларига кўра, жабрланганлар сони 150 дан ортиқ кишини ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид