Россия Австриянинг ORF медиа-компанияси бюроси раҳбарини мамлакатдан чиқариб юборди
Австриянинг ТАСС бюроси раҳбари яшаши учун рухсатномани узайтиришдан бош тортганига жавобан, Россия ORF сўнгги мухбирини аккредитациядан маҳрум қилди. Вена қарорни асоссиз ва номақбул деб атади.
Россия ҳукумати Австриянинг ORF оммавий-ҳуқуқий медиа-компанияси бош мухбири Карола Шнайдерга мамлакатни тарк этишни буюрди. 26 июн, чоршанба куни уни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиришди ва у ерда аккредитацияси бекор қилингани ҳақида маълумот тақдим этилди. Смоленская майдонида журналистга «яқин вақт ичида аккредитация гувоҳномасини топшириш ва Россия Федерацияси ҳудудини тарк этиш буйруғи берилди».
Департамент бу қарорни Австрия ҳукумати томонидан Россия оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан кўрилаётган чораларга «мажбурий жавоб чораси» деб атади. Баёнотда Австрия ТАСС бюроси раҳбари Арина Давидянга яшаш учун рухсатномани узайтиришдан бош тортганига ишора қилинади, у икки ҳафта ичида мамлакатни тарк этиши керак. Бундан ташқари, баёнотда Австрия расмийларининг 30 апрел куни қабул қилинган яна бир россиялик журналист аккредитациясини бекор қилиш тўғрисидаги қарори келтирилади.
Россия ТИВ, шунингдек, Австрия ТАСС бюроси раҳбарига оид қарор қайта кўриб чиқилса, Карола Шнайдернинг аккредитациясини тиклашга ваъда берди. Шнайдер ORF’нинг Россияда қолган сўнгги мухбири эди.
Австрия ТИВ: асоссиз ва қабул қилиб бўлмайдиган қадам
Австрия ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг қарорини қоралаб, уни «асоссиз ва қабул қилиб бўлмайдиган қадам» деб атади. Россиянинг Венадаги элчихонаси муваққат ишлар вакили вазирликка чақирилди ва « унга бу қадам бўйича норозилик етказилади», дея маълум қилди Австрия департаменти.
Шнайдер ҳам, илгари чиқариб юборилган ORF журналисти Мария Книпс-Виттинг ҳам ҳозирча Россиядаги воқеаларни Вена шаҳридан ёритиб боради, бироқ медиа-компания Москвада янги аккредитация олиш учун ариза топширади, деб хабар қилди ORF.
Австрия ТАСС икки мухбирининг аккредитациясини бекор қилди
Июн ўрталарида Австрия ҳукумати ТАСС икки мухбирининг Венадаги аккредитациясини бекор қилди, деб ёзади dpa агентлиги Венадаги ички ишлар вазирлигига таяниб. Россия ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Австрия ҳукумати ТАСС мухбири Иван Поповга мамлакатни тарк этишни буюрган.
Бунга жавобан Россия ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги Австриянинг ORF телекомпанияси журналисти Мария Книпс-Виттингдан мамлакатни тарк этишини талаб қилиб, аккредитациясини бекор қилди. Австрия телекомпанияси бу қарорни тушунарсиз деб атади. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ҳам Москванинг жавоб чораларини «мутлақо асоссиз» деб ҳисоблади.
Венадаги ҳафталик Falter газетаси март ойида Россия разведка хизматларининг Венада фаолияти ҳақида хабар бериб, ТАСС ходимларини ҳам тилга олган. Нашр келтирган махфий маълумотларга кўра, улар «журналист ниқоби остида» Австриянинг сиёсий доиралари ҳақида маълумот олишган ва мухбирлардан бири Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати ходими бўлган.