Евро-2024 турнирида гуруҳ босқичи поёнига етди. Сўнгги кун кутилганидек воқеаларга бой кечди. Қуйида анъанавий дайжестда куннинг асосий воқеалари келтириб ўтилади.

Евро-2024. E гуруҳи. 3-тур

Словакия ва Руминияда кутилган дуранг

Словакия – Руминия 1:1
Голлар: 1:0 – 24 Дуда, 1:1 – 37, пенальти Марин.
Словакия – Дубравка, Пекарик, Шкриньяр, Вавро, Ганцко, Куцка, Лоботка, Дуда, Гараслин (Суслов, 70), Шранц (Дюриш, 78), Стрелец (Боженик, 70).
Руминия – Ницэ, Рациу, Буркэ, Дрэгушин, Банку, Хаджи (Ман, 66), Станчу, Марин (Рус, 86), Марин, Дрэгуш (Пушкаш, 67), Коман (Сореску, 58).
Огоҳлантиришлар: Буркэ (45+1), Банку (45+3), Пушкаш (88).

Бу жамоаларнинг иккисини ҳам плей-оффга чиқиш учун дуранг ҳисоб қониқтирарди. Амалда ҳам улар шундай ҳисобни қайд этишди. Лекин ўйин курашларга бой кечди. 24-дақиқада Ондрей Дуда словакларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, жавоб голи эса 13 дақиқа ўтиб урилди. Ва бу гол анча ғалати тарзда урилди. Кўпчилик руминлар нима учун пеналти тепиш имкониятини қўлга киритганини тушунмади.

Арбитр Даниэл Зибертнинг қарори баҳсли эди: Давид Ханцконинг Янис Хажига ишлатган фоли жарима майдони ташқарисида амалга оширилгандек кўринди.

Афсонавий футболчининг ўғлининг йиқилиши ҳам шубҳали эди.

Лекин нима бўлганда ҳам Рэзван Марин пеналтини аниқ ижро этди, бу руминларнинг ҳозирги Евродаги тўртинчи голи бўлди — улар йирик турнирларда бундан кўпроқ голни фақат 1994 йилги мундиалда уришган. Ўшанда жамоа чорак финалга қадар етиб бориб, турнир давомида жами бешта гол уришганди.

Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар дуранг ҳисобни асраш ҳақида ўйлашмади. Айниқса словаклар кўпроқ ҳужум уюштирди ва кўплаб хавфли вазиятларни йўққа чиқарди, 90 дақиқа давомида жами 13 бор зарба беришди. Лекин ўйин охирларига бориб икки жамоа ҳам ўзига маъқул натижага рози бўлди ва ортиқча таваккалчиликка йўл қўймади. Руминия ўз тарихида илк бор Евро плей-оффига биринчи ўрин билан чиқди ва энди кейинги босқичда Нидерландия билан учрашади. Словакия тўплаган тўрт очко эса фақат учинчи ўринни эгаллашга имкон берди — уларнинг кейинги рақиби Англия бўлади.